Нисбатан арзон ва экологик тоза энергия Германияда балкон-қуёш панелларига қизиқишни орттирмоқда
Уй шароитидаги қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиши арзон ва осон бўлиб, электр энергияси харажатларини камайтиради. Германияда уларнинг тез суръатда оммалашиб бораётгани ушбу соҳада қандай хулосалар чиқариш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.
![]() |
| Нархларнинг пасайиши, технологияларнинг такомиллашуви ва сиёсий қўллов Германияда балкон-қуёш панелларига қизиқишни шакллантиришга туртки бўлди |
Қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш иқлим инқирозига қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Германияда бу жараён хусусан уй хўжаликлари даражасида жадал илгарилаб бормоқда. Мамлакатда маиший розеткаларга улаш мумкин бўлган кичик қуёш қурилмалари тобора оммалашиб бораётир: сўнгги уч йил ичида бундай тизимларнинг 1 миллиондан ортиғи ўрнатилган.
Қуёш модулларининг ўлчами одатда тахминан 2 квадрат метрни ташкил қилади. Ихчам тизим таркибига тўрттагача модул кириши мумкин бўлиб, уларни балкон каби жойларга осон ўрнатиш мумкин. Бундай қурилмалар хавфсизлик нуқтаи назаридан оддий маиший асбоблардан фарқ қилмайди. Яъни, электр энергияси қуёш модулидан инвертор орқали маиший розеткадан ўтиб, электр тармоғига узатилади. Сўнгги пайтларда ушбу тизимлар батареяли энергия сақлаш ускуналари билан ҳам жиҳозланмоқда. Бу эса, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини захирага олиб қўйиш имконини беради.
![]() |
| Кёлн шаҳридаги бахтли фуқаро ўзининг қуёш ускунаси электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини қоплай олишига умид қилмоқда |
Охирги йилларда қуёш энергияси ва батареяли энергия сақлаш тизимлари нархининг жадал равишда пасайиши экологик сиёсатдаги энг йирик муваффақиятлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Айни шу омил, электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларининг 2025 йилда илк бор жаҳон миқёсида кўмирни ортда қолдиришига хизмат қилди. Ўтган икки йил ичида Германияда балконлар учун мўлжалланган қуёш панеллари тизимларининг нархи қарийб икки бараварга арзонлашди. Ҳозирда кичик моделларни тахминан 200 евро атрофида харид қилиш мумкин бўлса, батареяли энергия сақлаш ускуналари бор йирикроқ тизимлар 1000 евродан арзонроқ нархда таклиф этилмоқда. Германия шароитида бундай қурилмалар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қиймати марказий электр тармоғидан олинадиган энергия нархидан икки маротаба арзон.
Берлин Амалий фанлар университети маълумотларига кўра, ушбу ускуналарга киритилган сармоя одатда 4–7 йил ичида ўзини оқлайди. Ушбу муддатдан сўнг, хўжаликлар ўзлари ишлаб чиқарадиган электр энергиясидан деярли бепул фойдаланади. Қуёш модуллари 30 йилдан ортиқ муддат давомида самарали ишлаши мумкин, батареялар эса «10–15 йил хизмат қилиши кутилмоқда», — дейди университетнинг қайта тикланувчи энергия тизимлари йўналиши профессори Фолкер Квашнинг. Тўртта қуёш модули ва энергия сақлаш тизими ёрдамида Марказий Европада икки кишидан иборат оила хўжалигининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг тахминан ярмини қоплаш мумкин.
![]() |
| Батареяли қуёш тизимлари уй хўжаликларида электр энергияси харажатларини сезиларли даражада камайтиради |
«Ҳозирча розеткага уланадиган қуёш қурилмалари дунё бўйича айнан Германияда кўпроқ сотилмоқда ва бу кўрсаткич қолган мамлакатлардан анча юқори», — дейди розеткага уланадиган қуёш қурилмалари савдоси билан шуғулланувчи «Yuma» компанияси бош директори Дэвид Бройер.
Гарчи бошқа, қуёшли минтақаларда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти анча юқори бўлса-да, Германияда нархларнинг пасайиши, технологияларнинг яхшиланиши ва сиёсий қўллаб-қувватлаш балкон-қуёш тизимларининг жадал оммалашувига туртки берди. 2023 йилдан буён мамлакатда хусусий қуёш ускуналари қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинган. 2024 йил кузидан эса, ижарачилар ва кўп қаватли уй эгаларига балконларига қуёш модулларини мустақил равишда ўрнатишга рухсат берилди. Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатларида қуввати 2000 ваттгача бўлган қуёш қурилмаларидан фойдаланишга рухсат этилган. Шу билан бирга, улар тўғридан-тўғри маиший электр тармоғига энг кўпи билан 800 ватт электр энергиясини узатиши мумкин. Бу чеклов уй ичидаги электр симларини ортиқча зўриқишдан ҳимоя қилиб, қурилмалардан хавфсиз фойдаланишни таъминлайди. Айни пайтда бу технологияга қизиқиш бошқа мамлакатларга ҳам тарқалмоқда. Улар орасида Европа Иттифоқига аъзо кўплаб давлатлар, шунингдек Бразилия, АҚШ ва Япония ҳам бор.
«Яқинда Токиодан делегация ташриф буюрди. Улар розеткага уланадиган қуёш қурилмалари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда ва техник хавфсизлик масалалари бўйича маълумот тўпламоқда», — деди Германия Қуёш саноати ҳамжамиятининг розеткага уланадиган қуёш қурилмалари бўйича мутахассиси Томас Зелтман DW нашрига берган интервюсида.
Германия 2045 йилгача экологик мўътадил давлатга айланишни мақсад қилган. Шу муносабат билан, розеткага уланадиган қуёш қурилмалари электр энергияси эҳтиёжининг 2% гача қисмини қоплай олиши мумкин, дейди Германия Иқтисодий тадқиқотлар институтининг Энергетика, транспорт ва атмосфера бўлими раҳбари Клаудия Кемферт. Ҳозирча мамлакатда электр энергиясининг асосий қисми том устига ўрнатиладиган қуёш панеллари ва йирик қуёш паркларидан ишлаб чиқарилади.
Кўплаб мижозлар учун балкон учун розеткага уланадиган тизим — бу фақатгина бошланғич қадам. «Бундай қурилмалар катта фотволтаик тизимлар, электромобиллар ёки иссиқлик насосларини харид қилиш каби бошқа чора-тадбирлар учун йўл очувчи имконият бўлиб хизмат қилади», — дейди Фраунҳофер Қуёш Энергия Тизимлари институтининг энергетика тизимлари таҳлили бўлими раҳбари Кристоф Кост.
«Розеткага уланадиган қуёш қурилмалари одамларни энергия ўтказиш жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириб, аҳолига электр энергияси харажатларини камайтириш ва энергия нархлари ўзгаришларига бўлган боғлиқликни камайтириш имконини беради», — деди Кемферт.
«Хариддан олдин тўлиқ ва тўғри маълумотга эга бўлиш жуда муҳим», — дейди Германия Қуёш энергияси ҳамжамиятидан Тобиас Отто. Бу жараён балкон, айвон ёки томга неча модул сиға олишини, улар қандай бурчакда ўрнатилиши мумкинлигини ва қуёш нурлари қандай тушишини кўриб чиқишдан бошланиши керак. Учинчи ва тўртинчи модулларга эга бўлганлар учун, ақлли бошқарувга эга батарея сақлаш тизими кўп ҳолатларда мақбул ҳисобланади. Бу тизим орқали электр энергияси талабини ҳисоблагич ёки розеткаларда ўлчаб, батареяга аниқ зарур миқдорда энергия тақдим этиш имкони яратилади. «Бундай ўлчаш ускуналари бўлмаса, сақлаш тизими одатда самарали бошқарилмайди», — деди Отто бизнинг нашримизга.
Батареяли розеткага уланадиган баъзи қурилмаларда қувват йўқлиги пайтида фавқулодда таъминот ҳам мавжуд. Кўплари ташқи муҳитда ҳам ишлатилиши мумкин, бироқ улар жуда совуқ ёки иссиқ ҳароратда қўйилганда ўзи ҳам энергия истеъмол қилади.
Мутахассислар ишончли таъминотчилардан харид қилишни тавсия қилишади. «Ҳозирда бозорда кўплаб шубҳали маҳсулотлар мавжуд», — дейди Селтман. «Шу боис, уларни махсус ихтисослашган дўконлардан харид қилишни тавсия қиламиз».
Манба: DW.




Comments
Post a Comment
Comments