Каннаваро: «Спаллетти мени ақлдан оздиради»
Италия терма жамоасининг собиқ сардори Фабио Каннаваро Tuttosport нашрига берган интервьюсида Берлинда ўтган ЖЧ-2006даги ғалабадан тортиб, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги фаолиятигача бўлган йўли ҳақида сўзлаб берди.
Сўнгги икки жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган Италиянинг саралашдан ўтишига ишонасизми?
— Умид қиламан, Италия жаҳон чемпионатига чиқади, бунга эриша олмаслик уят бўларди. Мен яна шунинг учун ҳам мухлислик қиламанки, у ерда Буффон ва Гаттузо — дўстларим иштирок этишади. АҚШдаги мундиалда Италия учун енгил гуруҳ тушади ва Рино ҳатто сочига гел суртишга улгуради… Албатта, бу ҳазил. (Каннаваро Гаттузонинг қуйидаги сўзларига ишора қилади: «Фабио қўнғироқ қилиб, шундай деди: сен омадлисан, гел ва атир ишлатасан ва жаҳон чемпионатига борасан, мен эса бу ерда хандақдаман!»).
Сиз Спаллеттининг ўрнига номзодлар орасида эдингиз. Нима юз берди?
— Ростини айтсам, ҳатто Буффон билан гаплашганман, лекин рўйхатда йўқ эдим. Футболчи сифатида алоҳида тарихим бор эди, аммо эҳтимол менда кўпроқ имиж кўришгандир. Мен таслим бўлмайман ва мураббийликни давом эттираман. Агар бунга тайёр эдимми, десангиз — ҳа, кутгандим. Аммо бошқа кутганлар ҳам бор ва ҳали ҳам кутишмоқда. Ҳар ҳолда, Гаттузонинг танланишини қўллаб-қувватлайман, чунки у кўп ўрганмоқда.
Ростдан ҳам сизга Польшада иш таклиф қилишганми?
— Ҳа, жуда яқин эдим ва «йўқ» дедим. Қатъият етишмади. Бу Хитойдан қайтганимдан бери қилган энг катта хатоим бўлди. Балки Италияни кутиш учун рад этгандирман: бу менинг ғоям эди, аммо ҳеч нарса юз бермади. Кейин кутишдан чарчадим.
Энди сиз Ўзбекистон терма жамоаси мураббийисиз. Нима ҳис қиляпсиз?
— Германиядаги ғалабадан 20 йил ўтиб, яна жаҳон чемпионатига қайтяпман. Ростини айтсам, Америкага борадиган барча мураббийлар билан учрашганимда, жуда кучли ҳиссиётларни бошдан кечирдим.
Биринчи учрашувда Ўзбекистон футболчилари сизга нима дейишди? Асосий етакчи ким?
— Мени кўришганида улар ҳайратда қолишди, буни тушунаман. Уларни тинчлантиришга, босимни камайтиришга ҳаракат қилдим. Кейин нима учун саралашдан ўтишганини англадим: бу — жуда қаттиқ жамоа, ўзбекистонликлар табиатан жуда қатъиятли. Вақтим кам, тез қарор қабул қилишим керак. Кўп ўйинларни кўрдим, мамлакат бўйлаб саёҳат қилдим. Энди чемпионат тугади ва биз ўзбекистонликлар ўйнаётган бошқа лигаларни кузатяпмиз. Ҳар ҳафта футболчиларга қўнғироқ қиламан, айниқса Шомуродовга — у италян тилида яхши гапиради ва ҳозир Туркияда «Башакшеҳир» сафида ўйнамоқда.
Жаҳон чемпионатида Колумбия, Португалия ва эҳтимол Конго билан ўйнайсиз. Бу жиддий синовми?
— Ҳа, лекин биз тайёр бўламиз. Биринчи ўйин Колумбияга қарши бўлади, дўстим Асприля аллақачон қўнғироқ қилиб, маслаҳатлар берди.
Ўзбекистон мураббийи сифатида энди А Серия ўйинларини кузатасизми?
— Ҳа, энди аввалгидан ҳам кўпроқ. Ва шунда кўп нарса ойдинлашмоқда.
Масалан?
— Италияда тактика ҳаддан ташқари ривожланган, бутун майдон бўйлаб «бирга-бир» ўйнайдилар. Гўё, ҳамма Гасперинининг шогирдига айлангандек — мен жуда қадрлайдиган ва ундан кўп нарса ўрганиш мумкин бўлган мураббий.
Италия футболининг салбий томонлари нимада?
— Италиялик футболчилар, айниқса ёшлардан кам фойдаланилади. Бу терма жамоага ҳам, мураббийларга ҳам таъсир қилади. 2006-йилгача бўлган 20 йил давомида таркибларимиз «вау» эди, ҳозир эса қараб «мамма мия» дейсан киши.
Ёшлар тайёрлашда маданий инқилоб керакми?
— Албатта. Тактика жуда кўп. Ёш футболчи — бу қурилаётган уйдир: унинг пойдевори тактика эмас, техника бўлиши шарт. 20 ёшгача менга мураббийлар рақибни ҳатто ҳожатхонагача қувлаш керак, деб ўргатишган… Гасперини усули билан ёшларни яхшироқ ривожлантириш мумкин.
Нега Гасперини фалсафаси сизга жуда ёқади?
— А Серия жадвалига қарашнинг ўзи етарли: у «Рома»-ни жуда яхши ривожлантирди. Талабчан мураббий, Римда эса охирги талабчан мураббий Капелло бўлган.
Скудетто учун кураш ҳақида нима дейсиз?
— Нисбатан барқарорроқ жамоа йўқ. Бу табиий, чунки Чемпионлар лигаси жуда кўп куч олади.
Бу Контени оқлайдими?
— Йўқ. Жароҳатлар жуда кўп ва мавсумга таъсир қилади, лекин Антонио барибир тепада.
«Ювентус»-чи? Курашдан чиқиб кетдими?
— Бошқалардан ортда, аммо Италия чемпиони бўлиш орзусидан воз кечмаслиги керак, деб ўйлайман. Спаллетти мураббий курсисида бўлса...
У билан кўп нарсага эришиш мумкин, деб ҳисоблайсизми?
— Ҳа. Спаллетти — мени ҳайратга соладиган мураббий. У менга доимо ёққан, унинг жамоаларини томоша қилсангиз, ҳар доим ўрганадиган нарса бор. Энг севимли мураббийим.
Лекин терма жамоадаги тажрибаси муваффақиятсиз якунланди. Нима учун?
— Чунки терма жамоа — клуб эмас, у ерда бошқарув тизими соддароқ бўлиши керак.
Йилдиз — «ўнлик»-ми?
— Унда сифат бор, аммо у кўпроқ қанот ҳужумчисига ўхшайди.
Нима учун қуйи лигага тушиб кетишдан қутқарганингиздан кейин «Удинезе»-да қолмадингиз?
— Бу ҳақда кўп ўйладим. Эҳтимол, Удинеда мени ҳали ҳам собиқ футболчи сифатида кўришгандир. Мен мўъжиза қилдим, лекин бу бумеранг бўлиб қайтди. Мен мураббийлик соҳасида давом этаман ва ўзимни доим оловга отаман: «Ал-Наср»-да бўлдим, Хитойда уч йил ишладим, В Серияда «Беневенто» билан, шунингдек «Динамо Загреб»-да.
Футболчи сифатидаги катта муваффақиятларингиз мураббийлик фаолиятингизга халал бераяпти, деб ўйламайсизми?
— Билмайман, балки шундайдир. Ҳатто Тотти, Дел Пьеро ёки Мальдинилар қийинчиликларга дуч келётган бўлишса…
А Серияда энг кучли таркиб кимда?
«Интер»-да. Лекин тўлиқ таркибдаги «Наполи» ҳам унга жуда яқин.
Киву «Интер» мураббийи сифатида қандай?
— Саволни тушунмадим. Нима, Киву «Интер»-гача қассоб бўлганми? У анчадан бери футболда, шунинг учун «Интер»-нинг биринчи ўринда бўлишига ҳайрон бўлиш керак эмас.
Сиз Марадона машқ қилган «Парадизо» марказини сотиб олдингиз. Қандай режалар бор?
— Ҳозир таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз, тузилмавий муаммоларни ҳал қиляпмиз. Бир йил ичида футбол мактабини очамиз, болалар ўша сеҳрли муҳитдан нафас олиши учун. Ҳар сафар у ерга борганимда қалбим тўлиб кетади: у ерда «Наполи» ва менинг тарихимиз бор.
Манба: Tuttosport.

Comments
Post a Comment
Comments