Трамп саккизта урушга барҳам берганини айтмоқда, аммо унинг рақамлари ҳақиқатдан йироқ

АҚШ президенти Доналд Трамп бу йил саккизта урушни тугатганини даъво қилишда бардавом, аммо бу баёнотдаги маълумот бўрттирилган. Унинг бу ҳафта Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу билан учрашуви, Ғазо секторидаги урушнинг тугагани ҳақида баёнот бериш учун ҳали жуда кўп иш қилиниши кераклигини яна бир бор кўрсатди.


Айни пайтда, сўнгги ҳафталарда Тайланд ва Камбожа ўртасида, шунингдек, Конго ҳукумат қўшинлари билан Руанда томонидан қўллаб-қувватланаётган исёнчилар ўртасида янги тўқнашувлар бошланди. Шу билан бирга, Трамп уруш сифатида тавсифлаган низолардан бири аслида ҳеч қачон уруш бўлмаган. Қуйида, ушбу масалага яқинроқ назар ташлаймиз.


Исроил ва ҲАМАС


Амалдаги оташкесим ва асирлар алмашинуви бўйича келишув катта ютуқ ҳисобланади. Бироқ, Исроил Ғазодан сўнгги асирнинг жасади топширилмагунча сулҳнинг янада мураккаб иккинчи босқичига ўтмаслигини маълум қилди. ҲАМАС эса, Исроил Ғазога етарли миқдорда инсонпарварлик ёрдами киритмаётгани ва у ерда фаластинликларга қарши ҳалокатли зарбаларни давом эттираётганини айтиб, келишувни тўхтатиш билан таҳдид қилди.


Урушни узил-кесил тугатиш, қолаверса, фаластинликлар учун икки давлатли ечимга эришиш йўли узоқ ва ўта мураккаб. Олдинда турган масалалар қаторига ҲАМАСни қуролсизлантириш, халқаро хавфсизлик кучларини ташкил этиш ва жойлаштириш, Ғазонинг келгусидаги бошқарув тизимини белгилаш ҳамда вайрон қилинган ҳудуддан Исроил қўшинларини олиб чиқиш киради.


Трамп-Нетаняҳу учрашуви орқали Вашингтон 10 октябрдан кучга кирган ва ими-жимида амал қилиб келинаётган АҚШ воситачилигидаги сулҳ доирасида навбатдаги қадамлар учун янги пойдевор яратишни мақсад қиляпти.


2025 йил 28 декабрь, якшанба. Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Хон-Юнус шаҳри соҳилбўйи чодир лагерида, фаластинлик аёл тунги ёмғир натижасида сув босган турар жойини тиклашга ҳаракат қилмоқда.

2025 йил 28 декабрь, якшанба. Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Хон-Юнус шаҳри соҳилбўйи чодир лагерида, фаластинлик аёл тунги ёмғир натижасида сув босган турар жойини тиклашга ҳаракат қилмоқда.


Исроил ва Эрон


Трампнинг 12 кунлик урушни тугатгани йўлидаги хизматлари эътироф этилаётир. Июн ойида Исроил Эроннинг ядровий дастури ва ҳарбий раҳбариятига зарбалар бериб, Теҳроннинг ядровий қурол яратишининг олдини олишни мақсад қилганини билдирган эди. Эрон эса, бундай мақсад кўзланганини рад этган.


Трамп АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига Эроннинг Фурду, Исфаҳон ва Натанздаги ядровий нишонларига зарба беришни буюрганидан сўнг, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни музокара йўли билан таъминлади.


Аризона штати олийгоҳи ҳузуридаги Маккейн институти ижрочи директори Эвелин Фаркаснинг таъкидлашича, Трамп урушни тугатгани учун эътирофга лойиқ. Унинг сўзларига кўра, «президент Трамп жараёнга аралашиб, ултиматум қўймагунча, бу можаронинг яқин истиқболда аниқ якунланиши кўзга ташланмаётган эди».


Америка ташқи сиёсат кенгашининг АҚШ ташқи сиёсати бўйича катта илмий ходими Лоуренс Ҳаас ҳам АҚШнинг ҳал қилувчи роль ўйнаганига қўшилади, бироқ ушбу тинчлик битимини давом этаётган «кунора совуқ уруш» доирасидаги вақтинчалик танаффус сифатида баҳолайди.


Миср ва Эфиопия


АҚШ бевосита иштирок этмаётган воситачилик саъй-ҳаракатлари ҳозирча тўхтаб қолган мазкур вазиятни уруш эмас, кучли таранглик сифатида тавсифлаш тўғрироқ бўлади.


Кўк Нил дарёсида барпо этилган Буюк Эфиопия Уйғониш Тўғони [GERD — Great Ethiopian Renaissance Dam] лойиҳаси эълон қилинганига ўн йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, ҳали-ҳамон Эфиопия билан Миср ҳамда Судан ўртасида кескинликни келтириб чиқариб келмоқда. Тўғон сентябр ойида расман ишга туширилди.


Миср ва Судан ушбу тўғонга қаршилик қилишяпти. Миср қишлоқ хўжалиги деярли тўлиқ даражада Нил дарёсига боғлиқ, Судан эса эҳтимолий сув тошқинларидан хавотирда бўлиб, ўз тўғонларининг хавфсизлигини таъминлашни истайди.


Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида Эфиопия ва Миср ўртасида келишувга эришишга уриниб кўрган, шунга қарамай, томонларни умумий келишувга келтира олмаганди.


Ҳиндистон ва Покистон


Апрел ойида Ҳиндистон назоратидаги Кашмирда сайёҳларнинг ўлдирилиши Ҳиндистон ва Покистонни сўнгги йиллардаги энг хавфли даражада урушга яқинлаштиришига қарамасдан, охир-оқибат, ўт очишни тўхтатишга эришилди.


Трамп бу битимга АҚШ воситачилик қилганини даъво қилиб, бу жараён қисман савдо имтиёзларини таклиф этгани билан боғлиқ бўлганини айтди. Покистон Трампга миннатдорлик билдирди, Ҳиндистон эса ушбу даъволарни рад этиб, ўт очишни тўхтатиш масаласида АҚШ билан савдо бўйича ҳеч қандай музокара бўлмаганини маълум қилди.


Лоуренс Ҳаас ва Эвелин Фаркас АҚШ тўқнашувларни тўхтатишга ёрдам бергани учун маълум даражада эътирофга лойиқ, деган фикрни билдиришади. Шу билан бирга, Фаркас: «Яна таъкидлайман, буни тўлақонли уруш деб аташ мумкинми-йўқми — бу очиқ масала», дея қўшимча қилади.


Сербия ва Косово


Оқ уй Сербия ва Косово ўртасидаги можарони ҳам Трамп ҳал этган низолар қаторига киритяпти. Лекин, Трампнинг иккинчи президентлик муддати давомида ушбу қўшни давлатлар ўртасида уруш хавфи юзага келгани йўқ, шунингдек, жорий йилда унинг муносабатларни яхшилашга қаратилган салмоқли ҳиссаси ҳам кузатилмади.


Косово илгари Сербия таркибида бўлган ҳудуд бўлиб, 2008 йилда мустақиллик эълон қилган. Шундан бери таранглик сақланиб келаётган бўлса-да, у ҳеч қачон уруш даражасига етмаган. Бунинг асосий сабаби — Косовода НАТО бошчилигидаги тинчликпарвар кучлар жойлаштирилган бўлиб, ҳудудни 100 дан ортиқ давлат тан олган.


Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Сербия ва Косово ўртасида кенг қамровли келишувга эришган эди. Лекин, келишилган масалаларнинг катта қисми амалда бажарилмай қолди.


Руанда ва Конго


Трамп африкалик қўшнилар ўртасидаги тинчлик жараёнларига муҳим ҳисса қўшган бўлса-да, у бу саъй-ҳаракатларнинг ягона иштирокчиси эмас ва можаро ҳали ҳам тўлиқ ҳал қилинмаган.


Фойдали қазилмаларга бой Шарқий Конгода бу йил М23 исёнчи гуруҳи қайта бош кўтарди. У Руанда томонидан қўллаб-қувватланади, Руанда эса бу ҳаракатларини ҳудудий манфаатларни ҳимоя қилиш, деб билдиради ва 1994 йилги Руанда қатлиомининг баъзи қатнашувчилари Конго қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаб келади.


Июн ойида Конго ва Руанда ташқи ишлар вазирлари Оқ уйда тинчлик келишувига имзо чекдилар. Декабр бошида эса, Трамп кузатуви остида давлат раҳбарлари ҳам тинчлик келишувини имзолашди. Бироқ, М23 ўзи бевосита иштирок этмаган келишувга амал қилмаслигини билдирди. Сўнгги имзолашдан бир неча кун ўтиб, исёнчилар навбатдаги Шарқий Конго шаҳрини эгаллаб, чегарага қайтганликларини эълон қилишди.


Шунингдек, Конго ва М23 ўртасида Қатар воситачилигида алоҳида келишув ҳам бор, афсуски томонлар ҳануз бир-бирини оташкесимни бузганликда айблаб келаётир.


2025 йил 14 декабр, якшанба. Конго Демократик Республикасининг Увира шаҳрида ишлаган ва уруш туфайли ўз ватанига қайтолмаган Бурунди фуқаролари чегарани кесиб ўтиб, Бурундига кирмоқда.

2025 йил 14 декабр, якшанба. Конго Демократик Республикасининг Увира шаҳрида ишлаган ва уруш туфайли ўз ватанига қайтолмаган Бурунди фуқаролари чегарани кесиб ўтиб, Бурундига кирмоқда.

Арманистон ва Озарбойжон


Август ойида Трамп Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларини Оқ уйда қабул қилди ва улар ўнлаб йиллар давом этган можарони тугатишга қаратилган келишувга имзо чекдилар. Мамлакатлар асосий транспорт йўлакларини қайта очиш ва тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини тасдиқлашга қаратилган келишувларга эришишди. Шартнома матни ташқи ишлар вазирлари томонидан дастлабки имзо билан тасдиқланган бўлиб, бу унинг аввалдан маъқулланганини кўрсатади. Лекин, раҳбарлар ҳали ҳам шартномага имзо чекмаган ва парламентлар уни тасдиқламаган.


Арманистон ва Озарбойжон 1990-йиллар бошидан айрим ҳудудлар учун тўқнашиб келади. Ўшанда, этник армани қўшинлар халқаро майдонда Тоғли Қорабоғ сифатида танилган Қорабоғ вилояти ва атрофдаги ҳудудларни назорат қилишга эришди. 2020 йилда Озарбойжон қуролли кучлари кенг ҳудудларни қайта қўлга киритганди. Россия ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилик қилди, аммо 2023 йил сентябрда Озарбойжон қўшинлари қолган ҳудудларни тезкор ҳаракат билан эгаллаб олди.


Шундан сўнг, икки мамлакат муносабатларни яхшилаш йўлида иш олиб боряпти.


Камбожа ва Тайланд


Тайланд ва Камбожа расмийлари бу йил ёздаги қисқа муддатли чегара можаросида ўт очишни тўхтатишга эришишда Трампнинг ҳиссаси борлигини эътироф қилиб келишади. Бироқ, сўнгги ҳафталарда тўқнашувлар қайта авж олди.


Камбожа ва Тайланд ўзаро чегарада тўқнашиб келишади. Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирган, аммо Трамп аралашгунга қадар сўнгги натижага эришилмаган эди. Трамп Тайланд ва Камбожа раҳбарларига агар низолар давом этса, АҚШ улар билан савдо келишувларини давом эттирмаслиги ҳақида огоҳлантирганини маълум қилган.


Мичиган олийгоҳи докторлик номзоди ва сиёсий таҳлилчи Кен Лоҳатепанонтнинг таъкидлашича, Трампнинг «муваффақиятли музокараларнинг якунини оташкесимга боғлаш» қарорлари, эҳтимол, томонларни музокара столига ўтиришида муҳим рол ўйнаган.


Трамп босими остида октябрда батафсил келишувга эришилди. Аммо, декабр бошида яна қаттиқ тўқнашувлар юз берди. Янги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув 27 декабрда имзоланди.


2025 йил 26 декабрь, жума. Тайланднинг Са Каео шаҳридан кузатилаётган Тайланд ва Камбожа қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг, Камбожанинг Пойпет шаҳрида Тайланд ҳарбийлари томонидан ёриткич сигналлари ёқилмоқда.

2025 йил 26 декабрь, жума. Тайланднинг Са Каео шаҳридан кузатилаётган Тайланд ва Камбожа қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг, Камбожанинг Пойпет шаҳрида Тайланд ҳарбийлари томонидан ёриткич сигналлари ёқилмоқда.


Манба: Associated Press.

Comments