Эрондаги норозилик намойишлари ҳақида билиш муҳим бўлган беш жиҳат

Эрон бўйлаб оммавий норозилик намойишлари кенг ёйилмоқда. Бу намойишларга нима туртки беряпти ва улар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Қуйида, ҳозиргача маълум бўлган асосий маълумотлар таҳлили баён этилади.

2025 йил 29 декабр куни Теҳрон шаҳрида, Эрондаги оғир иқтисодий вазият ва миллий валютанинг кескин қадрсизланишига қарши ўтказилган норозилик намойишида қатнашаётган дўкондор ва савдогарлар кўприк орқали ҳаракатланмоқда.

Декабр охирида риал АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада қадрсизланиши ортидан Эронда бошланиб кетган яшаш нархининг кескин ошишига қарши норозилик намойишлари олтинчи кунга кирди. Намойишчилар ва хавфсизлик хизматлари ўртасидаги тўқнашувлар натижасида бир қанча инсонлар ҳалок бўлиши ортидан, Президент Масъуд Пизишкиён бирдамликка чақирди ва иқтисодий босим учун, унинг таъкидига кўра, Теҳроннинг «душманлари»ни айблади. Ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва порахўрликка қарши курашишга кўпроқ эътибор қаратишга берган ваъдаларига қарамай, намойишлар тўхтамай давом этмоқда. Ҳозирга қадар, Теҳронда мамлакат иқтисодий инқирозига қарши дўконлар ёпилганидан бери, камида етти киши ҳалок бўлган ва 44 киши қўлга олинган.


Норозиликлар оқими ўсишда давом этмоқда: иқтисодий намойишлар сиёсий тус олиб, норозилик бутун мамлакат бўйлаб тарқалмоқда. Ҳозирги норозиликлар қанчалик жиддий, намойишчиларнинг даъволари қанчалик ҳақиқий ва бу вазият қандай тугаши мумкин? Қуйида билишингиз керак бўлган бешта асосий жиҳат келтирилган.


Яшаш нархи бўйича хавотирлар ҳақиқатан ҳам жиддий


Эрон дунёдаги энг кўп санкцияланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Турли халқаро чекловлар Теҳроннинг халқаро молиявий бозорларга киришини ва музлатилган хорижий активларга эга бўлишини қийинлаштираётир. Мамлакатнинг импортга тобора кўпроқ таяниш ҳолати вазиятни янада кескинлаштириб, пул қадрсизланиши суръатини кучайтирмоқда. Якшанба куни Эрон риали АҚШ долларига нисбатан 1,42 миллионга тушди — бу фақат олти ой ичида қийматнинг 56 фоизга пасайиши демакдир. Валюта қадрсизланиши инфляцияни суртиб юборди: озиқ-овқат нархлари ўтган йилга нисбатан ўртача 72 фоизга кўтарилди.


«Агар ҳукумат нафақат ёқилғига, балки бошқа маҳсулотларнинг нархини ҳам тушира олса эди,» — дейди такси ҳайдовчиси Мажид Иброҳимий. «Сут маҳсулотлари нархи бу йил олти бараварга, бошқа маҳсулотларники 10 баравардан ҳам ошиб кетди.»


Бу намойишлар улкан миқёсга эга


Якшанба куни Теҳрон Катта Бозорида дўкон эгалари томонидан бошланган иқтисодий инқирозга қарши норозилик намойиши, янги йил арафасига қадар Эроннинг 31 вилоятидан 17тасига тарқалди, талабалар ва жамиятнинг турли қатламларидан иштирокчилар намойишлар оқимига қўшилди. Юз минглаб одамлар бутун мамлакат бўйлаб ҳаракатланди, хавфсизлик хизматлари эса, баъзи жойларда, куч билан жавоб қайтарди.


Пайшанба куни Эроннинг яримрасмий «Форс» ахборот агентлиги Ғарбий Эрондаги Лурдигон вилоятида хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда уч киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Марказий Эрондаги Азнода яна уч киши ва Кўҳдаштда яна бир киши вафот этгани хабар қилинди. Агентлик Лурдигондаги намойишлар ҳақида хабар беришича, «баъзи намойишчилар шаҳар маъмурий биноларига, жумладан вилоят ҳокими идораси, масжид, Шаҳидлар фонди, шаҳар ҳокимияти ва банкларга тошлар ташлай бошлашган,» ва полиция тутунли газ билан жавоб қайтарган.

2025 йил 31 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқаган тасвирларда, Эроннинг жанубий Фасо шаҳрида мамлакат бўйлаб ўтказилган норозилик намойишлари чоғида намойишчилар ҳукумат биносига ҳужум қилаётгани акс этган.


Ҳукуматнинг қандай жавоб қайтаришини аниқ билиш қийин. Теҳроннинг илгари оммавий норозиликларга нисбатан қатъий чоралари намойишчиларнинг ҳалок бўлиши билан якун топган. Бироқ, ҳозиргача намойишчилар ва хавфсизлик кучлари орасида бир неча алоҳида тўқнашувлар бўлганига қарамай, Пизишкиён ҳукумати ҳибсга олиш амалиётини тўхтатган ва намойишчиларнинг «қонуний талабларига» эътибор беришга тайёр кўринади. Намойишчиларнинг хавотирларини бартараф этиш мақсадида ҳукумат томонидан чоршанба куни марказий банкка янги раҳбар этиб тайинлаган Абдулносир Ҳимматий, риалнинг кескин қулашидан кейин иқтисодий барқарорликни тиклашга ваъда берди.


Сешанба куни, Олий таълим вазирлиги Теҳрон олийгоҳи ва яна икки йирик университетдан кампус хавфсизлик раҳбарларини ишдан бўшатди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари уларнинг олиб ташланишига «ёмон хатти-ҳаракатлар ва яқинда талабалар норозиликларини тўғри ҳал қила олмаганлик» сабаб бўлганини хабар қилишди.


Пайшанба куни, Теҳронда беш йил аввал АҚШ ўзучар ускунаси ҳужуми натижасида Ислом Инқилобий Қўшини юқори раҳбари Қосим Сулаймоний қатл қилинишини ёдга олиш маросимида нутқ сўзлаган Пизишкиён, иқтисодий ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашга садоқатини таъкидлади.


«Бизнинг мақсадимиз — барча турдаги ижарачилик, порахўрлик ва контрабандага барҳам беришдир,» деди у. «Бу даромадлардан манфаат олувчилар қаршилик кўрсатмоқда, аммо биз бу йўлдан қайтмаймиз. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳибс қилинганлар ҳамда кам таъминланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барчамиз бирдам бўлишимиз керак,» деб қўшимча қилди ва унинг ҳукумати учун аҳоли турмуш тарзини яхшилаш устувор вазифа эканлигини эълон қилди.


Оммавий намойишлар аввал ҳам юз берган


2022 йилда, ҳижобни тўғри тақмаганлиги учун қўлга олинган 22 ёшли Маҳсо Аминийнинг ҳибсда вафот этиши ортидан, Эрон бўйлаб оммавий норозиликлар авж олганди. Аминийнинг дафнидан сўнг, Ғарбдаги Сақиз шаҳрида намойишлар бошланди: аёллар ҳалок бўлганга ҳамдардлик сифатида бош кийимларини ечиб ташлашди ва бу намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетди. Эроннинг норозиликларга жавоби қатағонли бўлиб, ўн минглаб одамлар тасодифий равишда ҳибсга олинди, тутунли газ кенг қўлланилиб, жанговар ўқдан фойдаланилди ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, юзлаб одамлар ноқонуний равишда қатл қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мутахассислари 2024 йилда Эрон ҳукумати ҳаракатларини «инсониятга қарши жиноят» дея баҳолади. Бу даъво Теҳрон расмийлари томонидан «ноқонуний ва бир томонлама» сифатида баҳоланиб, рад этилди.


Ахлоқ полицияси ҳаракати норозилик намойишларидан кейин 2022 йил декабрида қисқа муддатга чекланган бўлса-да, кейинги йил яна тикланди. Бироқ, ўшандан бери уларнинг кийиниш қоидалари устидан назорати сезиларли даражада юмшатилган бўлишига қарамасдан, кўплаб аёллар тизимнинг қайта қўлланилишидан хавотирда.


Намойишлар янада кескинлашиши мумкин


Пайшанба куни, 2018 йилда Эрон билан тузилган ва санкциялар юмшатилиши эвазига Эроннинг ядровий ривожланиши чекланишини назарда тутувчи келишувдан бир томонлама чиққан АҚШ Президенти Доналд Трамп, норозиликлар ҳақида фикр билдира туриб, ўзининг «Truth Social» тармоғида шундай ёзди: «Агар Эрон одатдагидек тинч намойишчиларни отиб ўлдирса, АҚШ уларни қутқариш учун амалий ҳаракатга ўтишга тайёр.»


Шу куни, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг форс тилидаги ижтимоий тармоқ акаунтида, инқилобдан олдинги Эронга оид шер ва қуёш суратини жойлаштирди ва унда шернинг панжаси мамлакатнинг ҳозирги байроғи туширилган қум соати устида турибди. Постда шундай ёзилган эди: «Зулматга қарши курашиш учун Эрон шерлари ва урғочи шерларнинг қўзғалиши», ва давомида: «Ёруғлик зулмат устидан ғалаба қозонади.»


Ўтган йил июн ойида Исроил ва АҚШ кейинчалик 12 кунлик урушга айланиб кетган Эронга қарши ҳужумларини бошлаганди. Уруш, АҚШ даъво қилишича, Эроннинг ядровий нишонларига ҳал қилувчи зарба бериш билан тугади, аммо Исроилнинг қўшимча ҳужумларга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги тахминлар давом этмоқда. Шу ҳафта, АҚШнинг «Axios» ахборот сайти, Трамп ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга қўшимча зарбалар бериш, шунингдек, Теҳроннинг Ливанлик иттифоқчиси Ҳизбуллоҳни нишонга олиш имкониятини муҳокама қилганлигини хабар қилди.


Ижтимоий тармоқларда жавоб берган Пизишкиён шундай ёзди: «Эрон Ислом Республикасининг ҳар қандай шафқатсиз тажовузга жавоби қатъий ва руҳсизлантирувчи бўлади.»


Манба: Al Jazeera.

Comments