Қишлоқдан умумжаҳон сунъий идроккача: Самандар Турсуналиев — Ўзбекистон технологик юксалишининг акси

25 ёшида Самандар Турсуналиев Ўзбекистонда сунъий идрок соҳасидаги ғояларни амалий ечимларга айлантирмоқда. Қишлоқдан етишиб чиққан ёш мутахассис томонидан асос солинган стартап мисолида, мамлакат рақамли келажагини шакллантираётган янги авлод жадидчиларининг ҳиссаси яққол кўринади.

Самандар бугун Ўзбекистонда шаклланаётган технологик муҳитнинг энг истиқболли вакилларидан бири сифатида қаралмоқда. У асос солган ва раҳбарлик қилаётган компания бизнес учун сунъий идрокка асосланган дастурий ечимлар таклиф қилади. Бу орқали у Ўзбекистонни глобал AI [Artificial Intelligence — сунъий идрок] харитасида мустаҳкам ўрин эгаллаётган янги инновацион давлат сифатида намоён этмоқда.


Қўшни Қирғизистон билан чегарадош кичик қишлоқдан йирик корпоратив мижозларга эга стартап раҳбарлигигача бўлган йўл Турсуналиев шахсий таржимаи ҳоли билан бирга Ўзбекистондаги кенг кўламли технологик ўзгаришларни ҳам акс эттиради.


Бу ҳикоя нафақат тадбиркорлик жасорати ҳақида, балки давлат сиёсати, маҳаллий инновацион муҳит ва умумжаҳон иштиёқ ўзаро уйғунлашаётгани, шу орқали мамлакатнинг рақамли келажаги қайта шаклланаётгани ҳақида ҳамдир.


Стартап барпо этиш


Чегарадош ҳудуддаги камтарона жамоада туғилиб ўсган Самандар Турсуналиевнинг илк ҳаётий йўли уни олий таълим учун Жанубий Кореяга олиб борди. Бироқ, бу йўлни охиригача давом эттирмай, ватанга қайтиб, ўз бизнесини йўлга қўйишни афзал деб топди.


Ўзбекистонлик кўплаб ёш жадидчилар каби, у ҳам умумжаҳон технологиялар билан маҳаллий эҳтиёжлар ўртасида боғловчи кўприк қуриш имконияти мавжудлигига ишонди. Унинг илк маҳсулоти — журналистларга оғзаки нутқни автоматик равишда ёзма матнга айлантиришда ёрдам берадиган «speech-to-text» [овоздан матнга] дастури — бозорга илк чиққан пайтда ҳали мукаммал эмас эди. Аммо, лойиҳани ташлаб қўйиш ўрнига, Турсуналиев уни изчил равишда такомиллаштиришда давом этди ва технология тижорий самарали даражага етгунича ишлади. Дастлаб оддий транскрипция хизмати сифатида бошланган ушбу ечим бугун кенг қамровли сунъий идрок пойдеворига айланди. Ҳозирда у Ўзбекистонда турли соҳалар ва кўплаб компанияларга хизмат кўрсатаётган инновацион экотизим сифатида шаклланмоқда.


Рақамли давр


Моҳиятан, ушбу хизмат инсон меҳнати ўрнини босиш ўрнига, уни самарали тўлдириш мақсадида яратилган. Самандар Турсуналиев корпоратив ҳамкорлар билан мулоқотда айнан шу ғояни илгари суради: сунъий идрок ходимларнинг имкониятларини кенгайтириши, самарадорлик ва хизмат сифати ошишига хизмат қилиши, бир хил такрорланувчи вазифалар юкини эса камайтириши керак.


Стартап таклиф этаётган ечимлар орасида нутқни таниб олиш ва транскрипция қилиш воситалари, автоматлаштирилган мижозлар билан ишлаш агентлари, қўнғироқ-марказлар учун таҳлилий асбоблар ҳамда кўп тилли контент билан ишлаш жараёнларини оптималлаштирувчи технологиялар мавжуд. Ўзбекистоннинг тил жиҳатидан хилма-хиллиги инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган хизмат ўзбек, рус ва инглиз тилларини қўллаб-қувватлайди. Бу эса, кўплаб умумжаҳон платформалар аниқ қайта ишлашда қийналадиган маҳаллий лаҳжалар муаммосини ҳал этишга ёрдам беради.


Иш ўринлари қисқаришига оид дастлабки шубҳаларга қарамасдан, Турсуналиев ўз мақсади инсон меҳнатини сиқиб чиқариш эмас, балки иш унумдорлигини ошириш эканини таъкидлайди: «Сунъий идрок мослашмаганларни алмаштиради, ўз ишини яхшироқ бажаришга ёрдамлашувчи воситаларни қабул қилганларни эмас», — дейди у.


Турсуналиевнинг ёндашуви кенгроқ тенденцияни акс эттиради: Ўзбекистонда маҳаллий стартаплар тобора минтақавий эҳтиёжларга мос, ўз ечимларини ярата бошламоқда. Бу жараён мамлакатда миллий сунъий идрок инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар фонида кечмоқда. Давлат стратегияси ҳужжатларида AI соҳасини қўллаб-қувватлашнинг кенг қамровли чоралари қайд этилган — таълим ва қайта тайёрлаш дастурларидан тортиб, янги кластерлар ва стартаплар учун имтиёзларгача. Жумладан, «5 миллион AI етакчилари» дастури орқали сунъий идрок мутахассисларини тайёрлаш ва янги технологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.


Қўллов ва муаммолар


Ўзбекистон раҳбарияти сунъий идрокни стратегик устувор йўналиш сифатида белгилаб, мамлакатни минтақада AI тадқиқотлари ва инновациялар марказига айлантиришни мақсад қилган. Миллий дастурлар сунъий идрок мутахассисларини тайёрлаш, сармоя жалб этиш ҳамда AI ечимларини давлат ва хусусий секторларга кенг жорий этишни кўзда тутади. Ёш стартаплар ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли форумлар, ҳакатонлар ва йирик мукофотли танловлар йўлга қўйилган. IT стартаплар учун даромад солиғи ставкалари 1 фоизгача пасайтирилгани каби имтиёзлар туфайли, Ўзбекистон минтақавий ва глобал миқёсда ўсиш салоҳиятига эга AI бизнеслари учун жозибадор майдонга айланмоқда.


Бундай қўллаб-қувватловчи муҳит қаҳрамонимиз асос солгани каби компанияларнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Самандар Турсуналиев сингари жадидчилар бир қатор кенгроқ муаммолар билан ҳам юзма-юз келяпти — кадрлар етишмовчилиги, жамоатчиликда AI ҳақидаги тасаввурни шакллантириш зарурати ҳамда ривожланаётган бозорда юқори технологик ечимлар яратишга хос қийинчиликлар шулар жумласидандир.


Ўзбекистондан ташқарига кенгайиш


Стратегик мақсадлар миллий чегаралар билан чекланиб қолмайди. Самандар аввал Ўрта Осиёдаги қўшни бозорларга чиқишни, кейинчалик Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳамда АҚШ каби йирик умумжаҳон бозорларни нишонга олишни режалаштирмоқда. Унинг йўл харитасида халқаро рақобатбардош мутахассислар билан жамоани мустаҳкамлаш ва беш йил ичида компанияни глобал миқёсдаги рақобатчи аъзо сифатида шакллантириш муҳим ўрин тутади. Бу қарашлар Ўзбекистондаги ёш авлод орасида технология ва тадбиркорлик орқали келажакни барпо этиш ҳақида орзу қилаётган кўплаб ёшлар учун ҳам илҳом манбаидир.


Турсуналиевни ажратиб турадиган жиҳат — унинг фақат техник салоҳияти эмас, балки инсонга йўналтирилган ёндашувидир. Ўзбекистонда шаклланаётган янги технологик авлод руҳини ўзида мужассам этган Самандар сунъий идрок даврининг ҳам имкониятларини, ҳам мушкилотини намоён этади. У ташаббус ва қўллаб-қувватлаш уйғунлашган ҳар қандай муҳитда инновация ривожлана олишини исботлаб беряпти.


Манба: Euronews.

Comments