Марказий Осиёда қарз юкининг ортиб бориши: хавфлар ва сиёсий хулосалар
Қарзларни қайтариш бўйича босимнинг кучайиши давлатлар молиявий имкониятини тобора қисқартириб, минтақанинг ривожланиш услуби барқарорлигини жиддий синовдан ўтказмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари давлат қарзи ҳажмининг ўсиши орқасидан, бюджет барқарорлиги бобида янада таҳликали даврга кириб боряпти. Жаҳон банкининг сўнгги Халқаро қарз ҳисоботи (International Debt Report — IDR)да таъкидланишича, агар жалб қилинган маблағлар самарали инвестицияларга йўналтирилса, қарзнинг тез суръатларда ортиши жиддий муаммо эмас. Бироқ, инвестицияларнинг қайтими паст бўлганда, кредиторлар таркиби тор доирада жамланганда ва қарз бўйича шаффофлик етарли даражада таъминланмаганда, қарз динамикаси тез орада издан чиқиши мумкин. Айни хавфлар Марказий Осиёда тобора яққол намоён бўлаётир: асосий қарз ва фоизларни тўлаш босими ортиб, молиявий «буферлар» чекланган, даромад манбалари эса тор доира билан чекланиб қоляпти.
IDR ҳисоботида, ҳукуматлар янги ташқи қарз мажбуриятларини олишдан олдин аниқ ва шаффоф қарз олиш стратегияларини ишлаб чиқиши, лойиҳаларни танлаш сифатини ошириши, қарзлар бўйича очиқликни кучайтириши ҳамда узоқ муддатли бюджет хавфларини тизимли баҳолаши зарурлигига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, давлат инвестициялари юқори иқтисодий самара берадиган йўналишларга — экспортга йўналтирилган тармоқлар, энергия самарадорлиги, қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва рақамлаштириш соҳаларига устувор аҳамият бериши лозимлиги таъкидланган бўлиб, сиёсий сабаблар билан амалга ошириладиган ёки иқтисодий қайтими паст инфратузилма лойиҳаларини чеклаш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Қарзга хизмат кўрсатиш мажбуриятлари ортиб бораётган ҳозирги шароитда, мазкур тавсиялар Марказий Осиё иқтисодиётлари учун айни пайтда ўта долзарб ҳисобланади.
Қирғизистон
Қирғизистондаги ҳозирги қарз йўналиши мамлакатнинг постсовет даврида шаклланган узоқ муддатли таркибий муаммоларини акс эттиради. 1990-йилларда Қирғизистон жадал эркинлаштириш ва ислоҳотлар йўлини танлади, бу жараён асосан ташқи қарзларни тез суръатларда жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилди. Ўша даврда экспорт салоҳияти заиф, бюджет институтлари эса етарлича ривожланмаган эди. Натижада, 2000-йиллар бошига келиб, ташқи давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошиб кетди ва мамлакат қарзи энг оғир юк остидаги камбағал давлатлар учун мўлжалланган HIPC [Heavily Indebted Poor Countries - қарздорлиги юқори камбағал мамлакатлар] ташаббуси доирасида имтиёзларга даъвогарлар қаторига кирди.
HIPC ҳамда кўп томонлама қарзни енгиллаштириш ташаббуси доирасида амалга оширилган қарзни қайта тузиш ва қисман кечириш чоралари маълум даражада бюджет барқарорлигини тиклашга ёрдам бериб, олтин ишлаб чиқариш ва меҳнат муҳожирлари юборган пул ўтказмалари ҳисобига ЯИМнинг ўсиши қарз кўрсаткичларини яхшилаган бўлса-да, сўнгги ўн йилликда ташқи қарз олиш яна жадаллашди. Айни пайтда, давлат ташқи қарзи ЯИМнинг тахминан 55–60 фоизини ташкил этиб, экспорт базаси чекланган, пул ўтказмаларига боғлиқлиги кучли ва ташқи зарбаларга зайиф мамлакат учун жиддий хавф ҳисобланади.
Қирғизистон қарзининг салмоқли қисми Хитойнинг Экспорт-импорт банки [Exim Bank] ҳиссасига тўғри келади, бу эса валюта курслари ўзгариши ва жаҳон фоиз ставкалари тебранишларига сезгирликни кучайтиради. Айни дамда, қарзга хизмат кўрсатиш давлат даромадларининг тахминан 18–22 фоизини ташкил қиляпти, натижада ижтимоий дастурлар ва муҳим инфратузилмага йўналтириладиган харажатлар чекланиб қолаётир. IDR ҳисоботида қайд этилишича, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари бюджет даромадларининг 15–20 фоизидан ошганда, ҳукуматлар ривожланиш устуворликлари билан қарз мажбуриятларини уйғунлаштиришда жиддий қийинчиликларга дуч кела бошлайди. Қирғизистон эса, айни пайтда, шу хавфли чегарага яқинлашиб қолди.
Тожикистон
Тожикистон ҳам ўхшаш босимларга дуч келган. Давлат ташқи қарзи ҳануз ЯИМнинг қарийб 50 фоизи атрофида сақланиб қолиб, унинг ярмидан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келяпти. Шу билан бирга, 2017 йилда Роғун ГЭС лойиҳасини молиялаштириш мақсадида чиқарилган евробондлар тижорат асосидаги юқори фоиз ставкаларига эга бўлиб, 2030-йиллар бошида муддати яқинлашиши билан, қайта молиялаштириш хавфларини юзага чиқаряпти.
Халқаро валюта жамғармасига кўра, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари аллақачон Тожикистон бюджет даромадларининг тахминан бешдан бир қисмини ташкил қилган ва жаҳонда фоиз ставкалари юқори даражада сақланиб қолаётган шароитда, бу улуш яна ортиши кутилаётир. IDR ҳисоботида таъкидланишича, тижорий қарзларга чиқиши мавжуд бўлган кам даромадли мамлакатлар валюта қадрсизланиши, фоиз ставкалари ўзгарувчанлиги ва инвесторлар кайфиятидаги силжишларга айниқса сезгир бўлади. Бу хавфлар Тожикистоннинг ўрта муддатли иқтисодий истиқболини жиддий равишда оғирлаштириб, қарз тўловларида бундай юқори улушга эга иқтисодиёт учун миллий валютанинг қадрсизланиши бюджет барқарорлигига осонликча путур етказиши мумкин.
Ўзбекистон
Ўзбекистон ушбу даврга нисбатан мустаҳкамроқ молиявий ва макроиқтисодий мавқе билан кириб келди, лекин сўнгги йилларда қарз олиш суръатларининг тезлашиши алоҳида эътиборга лойиқ. 2017 йилдан бошлаб, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиши билан бирга, давлат кафолати остидаги ташқи қарз ЯИМнинг тахминан 8 фоизидан 36–40 фоиз атрофигача ўсди. Бу ўсиш инфратузилмани замонавийлаштириш, энергетика соҳасини ислоҳ этиш, давлат корхоналарини қайта тузиш ҳамда саноатни жадал ривожлантириш ва янгилашга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатларни ўзида мужассам этади.
Ўзбекистон жалб қилган қарзларнинг асосий қисми кўп томонлама тараққиёт банклари ҳиссасига тўғри келиб, устувор ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Шу билан бирга, имтиёзли муддатлар тугаши билан, 2020-йиллар охирига бориб асосий қарз ва фоиз тўловлари кескин ортиши кутилмоқда, бу эса бюджет имкониятларини чегаралайди. Қарзлар ривожланиш мақсадларига хизмат қилган тақдирда ҳам, уларнинг тез жамланиши тўлов хавфларини самарали бошқариш ёки лойиҳаларнинг иқтисодий қайтимини етарли даражада баҳолаш имкониятларидан ошиб кетиши мумкин. Шу боис, давлат инвестиция лойиҳаларини баҳолаш тизимини кучайтириш, давлат корхоналарининг қарз олиши устидан назоратни қатъийлаштириш ҳамда йиллик ташқи қарз мажбуриятлари бўйича аниқ чегараларни белгилаш — келгусидаги бюджет босимларини юзага келтирмасдан ислоҳотлар суръатини сақлаб қолиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати қарз мажбуриятларининг ортиб бораётганини англаб турибди. Сўнгги йилларда бюджет жараёнига киритилган ислоҳотлар мазкур хавфларга нисбатан муҳим институционал мувозанатни таъминлаб, парламентнинг молиявий ва қарз сиёсати устидан назорат қилишдаги ҳиссасини кенгайтирди. Янги тартиб-таомиллар ҳукуматнинг инфратузилма ва ривожланиш лойиҳалари портфелини парламентда эртароқ кўриб чиқишни назарда тутади, бюджет ижроси ва бюджетдан ташқари фаолият бўйича ҳисоботни кучайтиради ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган шартномалар кучга киришидан олдин уларни ғазначилик рўйхатидан ўтказишни мажбурий қилади. Лойиҳаларни танлаш, қарз олиш режалари ва ўрта муддатли макро-бюджет тахминлари устидан қонун чиқарувчи ҳокимият назоратини кучайтириш орқали, ушбу чоралар қарз тўпланишида шаффофлик ва интизомни ошириш салоҳиятига эга, бироқ бу натижа фақат улар изчил амалга оширилган ва парламентда етарли таҳлилий салоҳият мавжуд бўлган тақдирдагина таъминланиши мумкин.
Қозоғистон ва Туркманистон
Бу икки мамлакат Марказий Осиёдаги қарз муаммосининг бошқа бир қиррасини намоён этади. Қозоғистонда давлат ташқи қарзи нисбатан мўътадил даражада сақланиб, одатда ЯИМнинг 25 фоизидан ошмайди. Мамлакат йирик табиий ресурс даромадларига ҳамда қудратли суверен жамғармага эга. Шунга қарамай, сезиларли миқдордаги ташқи мажбуриятлар йирик давлат ва номигагина мустақил корхоналар ҳисобида жамланган бўлиб, улар кўп ҳолларда давлат томонидан билвосита кафолатланган ҳисобланади. Бундай шартли мажбуриятлар, товар-хомашё бозоридаги пасайишлар ёки валюта курсларининг кескин ўзгариши даврида бюджетга жиддий босим сифатида намоён бўлиши мумкин.
Туркманистонда эса, давлат молияси ва ташқи қарз мажбуриятлари бўйича расмий маълумотлар жуда чекланган. Мавжуд баҳолашлар қарз олиш ҳажми салмоқли эканини, айниқса Хитой билан боғлиқ газ инфратузилмаси ва қувур лойиҳаларини молиялаштиришда ташқи қарзлар кенг жалб этилганини кўрсатади. Маълумотлар шаффофлигининг пастлиги, қарз барқарорлиги ва тўлов қобилиятини холис баҳолашни қийинлаштириб, бюджет назорати ва ахборот ошкоралиги билан боғлиқ минтақавий муаммоларни янада яққол намоён этади.
Кредит рейтинглари ва қарз жамланиши хавфлари
Марказий Осиё мамлакатларининг суверен кредит рейтинглари ушбу турли камчиликларни акс эттиради. Қирғизистон ва Тожикистон ҳануз паст спекулятив тоифаларда қолмоқда, бу эса бюджет манёвр имкониятларининг чеклангани ва ташқи зарбаларга юқори даражада очиқ эканини англатади. Ўзбекистоннинг BB даражасидаги рейтинги макроиқтисодий бошқарувда муайян илгарилаш мавжудлигини кўрсатиб турса-да, инвестиция даражаси пастлиги натижасида, қарз олиш қиймати нисбатан юқори сақланиб турибди. Қозоғистон инвестиция даражасидаги мақомини сақлаб келаётганига қарамасдан, унинг мавқеи бутун минтақа учун умумий манзарани тўлиқ акс эттирмайди. Туркманистонда эса, суверен рейтингнинг йўқлиги бюджет ва қарз ҳисоботларидаги доимий ошкоралик етишмаслигини кўрсатади.
IDR ҳисоботида кўтарилган марказий масалалардан бири — кўплаб ривожланаётган мамлакатларда қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ЯИМ ва давлат даромадларига нисбатан тезроқ ўсиб бораётганидир. Бу тенденция Марказий Осиёда ҳам яққол кузатилмоқда. Қарз тўловлари бюджетда тобора каттароқ улушни эгаллагани сари, ҳукуматлар бюджетни қисқартириш билан таълим, соғлиқни сақлаш, иқлимга мослашиш ва рақамли ривожланишга сармоя киритиш ўртасида тобора мураккаб танловларга дуч келаётир.
Хитой минтақанинг энг йирик қарз берувчиси бўлиб қоляпти. «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида у йўллар, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари, қувурлар ва саноат лойиҳаларини молиялаштирмоқда. Ушбу инвестициялар инфратузилмада сезиларли ютуқларни таъминлаган бўлса-да, IDR ҳисоботида битта қарз берувчига таяниб қолиш қайта молиялаштириш, бошқарув ва геосиёсий хавфларни кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Шу боис, Марказий Осиё ҳукуматлари Хитойдан янги қарз олиш олдидан етти ўлчаб бир кесиши, иқтисодий жиҳатдан асосланган лойиҳаларга устувор аҳамият бериши ва қайтими паст ёки сиёсий сабаблар билан илгари суриладиган инвестициялардан воз кечиши лозим. Шаффофлик, суверен қарз ўрнига улушли иштирок, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенгроқ қўллаш, давлат зиммасидаги хавфларни камайтиришга ҳамда узоқ муддатли барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Камчиликларни бартараф этиш ва барқарор ривожланиш йўлини белгилаш
Агар экспорт салоҳиятини ошириш ёки ички даромадларни сафарбар этиш бўйича мувофиқ чораларсиз қарз ҳажми ўсишда давом этса, қарзни қайтариш билан боғлиқ қийинчиликлар хавфи бутун Марказий Осиё бўйлаб кучаяди. Ҳозирги кунда, минтақада иқтисодий ўсиш асосан меҳнат унумдорлигига таянган таркибий трансформация ҳисобига эмас, балки ташқи омиллар таъсирида шаклланди. Бу заифлик, айниқса, иқтисодиёти пул ўтказмалари, хомашё экспорти ва ташқи молиялаштиришга мутаносиб равишда кучли боғлиқ бўлган Тожикистон ва Қирғизистонда яққол намоён бўлди. Ушбу мамлакатларда экспорт таркиби тор, ишлаб чиқариш унумдорлиги паст, юқори қўшилган қиймат ва технологияларга асосланган тармоқларга диверсификация эса чекланган ҳолича қолмоқда.
Миллий валютанинг қадрсизланиши ҳануз асосий хавфлардан биридир, чунки ташқи қарзларнинг аксар қисми хорижий валюталарда ифодаланган ва валюта курсларидаги силжишлар тезда қарзга хизмат кўрсатиш юкининг ошишига олиб келади. Бундай шароитда, ҳатто ўртача даражадаги ташқи зарба — масалан, меҳнат муҳожирлари ишлаётган мамлакатларда меҳнат бозорларининг заифлашуви, пул ўтказмалари оқимининг қисқариши ёки асосий экспорт товарларига бўлган жаҳон талабининг пасайиши — қисқа вақт ичида бюджет «буферлари»ни емириб, қарз заифликларини кучайтириши ва ҳукуматларни кескин бюджет қисқартириш ёки фавқулодда молиялаштириш чораларини қўллашга мажбур қилиши мумкин. Бу эса, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.
IDR ҳисоботида давлат инвестицияларини бошқариш тизимидаги заиф жиҳатлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Улар қаторига, лойиҳаларни баҳолашнинг етарли даражада амалга оширилмаслиги, уларнинг миллий ривожланиш стратегиялари билан уйғун эмаслиги ҳамда амалга ошириш жараёнида назоратнинг чеклангани киради. Харажат–самара таҳлилини кучайтириш, харидлар жараёнида шаффофликни таъминлаш ва ижро устидан назоратни яхшилаш — келгусида жалб этиладиган қарзлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Марказий Осиёда қарз йўналишини барқарорлаштириш ташқи талаб, пул ўтказмалари ва қарз олишга эмас, балки ички унумдорлик ва инвестицияларга таянадиган иқтисодий ўсиш услубига босқичма-босқич, бироқ қатъий ўтишни талаб қилади. Ушбу жараёнда маҳаллий хусусий сектор, айниқса кичик ва ўрта бизнес ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маъмурий тўсиқларни қисқартириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда молияга, бозорларга ва давлат харидларига адолатли кириш имкониятини таъминлаш ички манбаларга таянган иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бюджет сиёсати ҳам янада интизомли ва стратегик тус олиши лозим. Ҳукуматлар ўрта муддатли бюджет режалаштириш усулларини мустаҳкамлаши, қарз ҳисоботларининг шаффофлиги ва қамровини кенгайтириши ҳамда қарз барқарорлигини таҳлил қилишни бюджетни шакллантириш ва давлат инвестицияларини режалаштириш жараёнларига тўлиқ интеграция қилиши зарур. Давлат корхоналари устидан назорат масаласи айниқса муҳим, чунки бошқарувдаги камчиликлар, билвосита кафолатлар ва квазибюджет фаолият, давлат молияси учун жиддий яширин хавфларни келтириб чиқаришда давом этмоқда.
Ички даромадларни сафарбар этишни яхшилаш яна бир устувор вазифа ҳисобланади. Бу — солиқ ва божхона маъмуриятини замонавийлаштириш, солиқ базасини кенгайтириш ва ихтиёрий имтиёзларни қисқартиришни талаб этади. Адолатли, олдиндан башорат қилинадиган ва қоидаларга асосланган бюджет-солиқ тизимлари тадбиркорлик фаолиятига путур етказмаган ҳолда даромадларни ошириш, солиққа риоя этишни кучайтириш ва коррупция хавфларини чеклаш имконини беради.
Марказий Осиё мамлакатларига ҳаракат қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас, бироқ вақт ойнаси тобора қисқариб бормоқда. IDR ҳисоботида очиқ айтилганидек, қарз иқтисодий ўсиш ва модернизацияни, фақат қарз олиш қарорлари иқтисодий қайтим ва тўлов қобилиятининг реал баҳоларига асосланган тақдирдагина, қўллаб-қувватлаши мумкин. Акс ҳолда, ортиб бораётган қарз узоқ муддатли ривожланиш учун таркибий чекловга айланиб қолиши хавфи бор. Шу боис, қарз барқарорлигига фақат тор маънодаги молиявий масала сифатида эмас, балки кенгроқ иқтисодий ва саноат трансформациясининг ажралмас қисми сифатида қараш лозим. Узоқ муддатли барқарорлик экспортни диверсификация қилиш, қиймат занжирларида юқори босқичларга кўтарилиш ва технологияларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда инновациялар орқали унумдорликни оширишга боғлиқ бўлади. Бунга эришиш учун, адолатли ва рақобатли ишбилармонлик муҳити, барқарор ва башорат қилинадиган тартиб, қонун устуворлигини кучайтириш ҳамда мулк ва шартнома ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, қарз барқарорлиги, пировард натижада, иқтисодий бошқарув сифати ҳамда саноат сиёсатининг самарадорлигини акс эттирувчи мезондир.
Манба: The Diplomat.


Comments
Post a Comment
Comments