Эпштейн файлларида кимлар ва нималар мавжуд?
АҚШ Адлия вазирлиги [DOJ — Department of Justice] марҳум молиячи Жеффри Эпштейн ишига оид ҳужжатларнинг илк тўпламини оммага тақдим этди. Ҳужжатлар орасида суратлар, видеолар ва тергов материаллари мавжуд. Ушбу ҳужжатлар, Конгресс Эпштейн файлларини жума кунигача тўлиқ эълон қилиш мажбуриятини юклаган қонун қабул қилинганидан сўнг, жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутилган эди. Аммо демократлар ва айрим республикачилар Адлия вазирлигини қонун талабларини бузишда айблади, чунки вазирлик барча ҳужжатларни белгиланган муддатгача чиқара олмаслигини билдирди. Шунингдек, минглаб файллардаги кўплаб маълумотлар қаттиқ таҳрир қилинган бўлиб чиқди.
Илк тўпламда бир қатор машҳур шахслар тилга олинган. Улар орасида АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон, Эндрю Маунтбаттен-Виндзор, шунингдек, мусиқачилар Мик Жэггер ва Майкл Жексон бор. Шуни таъкидлаш керакки, файлларда исми тилга олиниши ёки сурати чиқиши ўша шахснинг қонунбузарлик содир этганини англатмайди. Илгари ҳам Эпштейн билан боғлиқ ҳужжатларда тилга олинган кўплаб шахслар ҳар қандай айбловларни рад этган.
Эълон қилинган суратларнинг бир нечтасида АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон акс этган. Суратлардан бирида у сув ҳавзасида сузиб юргани, бошқасида эса гўёки жакузида қўлларини боши орқасига қўйган ҳолда ётгани кўринади.
Клинтон 1990-йиллар ва 2000-йиллар бошида Эпштейн билан бир неча бор суратга тушган. Бу ҳолатлар Эпштейн биринчи марта ҳибсга олинганидан олдин содир бўлган. Эпштейн қурбонлари томонидан Клинтонга нисбатан ҳеч қачон айблов қўйилмаган, у эса Эпштейннинг жинсий жиноятлари ҳақида хабардор бўлганини инкор қилиб келади.
Клинтоннинг вакили Анхел Уренья янги суратлар ҳақида изоҳ бериб, улар ўнлаб йиллар олдин олинганини айтди:
«Улар истаганча эски, 20 йилдан ортиқ вақт олдин олинган суратларни чиқараверишлари мумкин, аммо бу ишда Билл Клинтон бош қаҳрамон эмас, ҳеч қачон бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайди. Икки тоифадаги одамлар мавжуд: биринчи тоифа ҳеч нарсадан хабардор бўлмаган ва Эпштейннинг жиноятлари ошкор бўлишидан олдин у билан алоқаларни узган. Иккинчи тоифа эса барча ҳолатлар маълум бўлганидан кейин ҳам, у билан муносабатларни давом эттирган. Биз — биринчи тоифадамиз. Иккинчи тоифадагиларнинг ишни чўзишга қаратилган ҳар қандай уринишлари ушбу ҳақиқатни ўзгартирмайди. Ҳамма, айниқса MAGA [Make America Great Again — Конгрессдаги Трампни қўлловчи республикачилар гуруҳи] тарафдорлари баҳона изламай, аниқ жавобларни кутиб турибди», — дейилади баёнотда.
Эълон қилинган ҳужжатларда АҚШнинг амалдаги президенти ҳам тилга олинади. Суд материалларига кўра, Эпштейн 1990-йилларда Доналд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида 14 ёшли вояга етмаган қиз билан таништиргани ҳақида даъво мавжуд. Ҳужжатларда қайд этилишича, учрашув пайтида Эпштейн Трампга юзланиб, ҳазиломуз тарзда қиз ҳақида «буниси чакки эмас экан, шундайми?” — деб сўраган. 2020 йилда Жеффри Эпштейнга қарашли мулк ҳамда Гислейн Максвеллга қарши киритилган даъво аризасига кўра, Трамп табассум билан тасдиқ маъносида бош ирғаган. Қиз ўзини ноқулай ҳис қилиб, узоқлашган, аммо ёши кичик бўлгани сабабли, гап нима ҳақидалигини ўша пайтда тушунмаган.
Жабрланувчи қизнинг даъво қилишича, у Жеффри Эпштейн томонидан кўп йиллар давомида жинсий зўравонликка учраган. Шу билан бирга, жабрланувчи суд ҳужжатларида Трампга нисбатан айблов қўймаган. BBC бу масала бўйича Оқ уйдан изоҳ сўради.
Жума куни эълон қилинган минглаб файллар орасида ушбу даъво қилинган воқеа президент тилга олинган жуда кам сонли матнлардан бири ҳисобланади. У бир нечта суратларда кўриниш беради, аммо ҳужжатлардаги иштироки жуда чекланган даражада. Президентнинг сиёсий фаолиятига масъул расмий X (собиқ Twitter) аккаунти «Trump War Room» файллар эълон қилинганидан сўнг аксинча, Билл Клинтоннинг суратларини жойлаштирди. Трампнинг матбуот котиби ҳам Клинтон акс этган тасвирларни қайта улашиб, «Вой худойим!» деган изоҳ қолдирди.
Бироқ иш ҳали тўлиқ якунланмаган, ҳали эълон қилиниши лозим бўлган саҳифалар мавжуд. АҚШ Адлия вазирининг ўринбосари Тодд Бланшнинг маълум қилишича, айни дамда «юз минглаб саҳифалар»дан иборат ҳужжатлар текширувдан ўтказилмоқда ва улар ҳали оммага тақдим этилмаган.
АҚШ президенти илгари Эпштейн билан бир неча йил давомида дўст бўлганини тан олган, аммо уларнинг муносабатлари тахминан 2004 йилда — Эпштейн биринчи марта ҳибсга олинишидан анча олдин узилганини таъкидлаган. Трамп Эпштейн билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузарликка алоқадорлиги ҳақидаги иддаоларни изчил равишда рад этиб келмоқда.
Файллардаги суратлардан бирида Эндрю Маунтбаттен-Виндзор [Британия қироли Чарлз III-нинг кенжа укаси] беш нафар инсон устида ётган ҳолда тасвирланган, уларнинг юзлари таҳрирланган. Сурат орқасида Эпштейн билан ҳамкорликда айбланган шахс Гислейн Максвелл кўринади. Эпштейн билан бўлган ўтмишдаги дўстона муносабатлари сабабли Эндрю кўп йиллар давомида жиддий жамоатчилик эътибори ва танқидига дуч келиб келмоқда, бироқ мазкур суратда Эпштейннинг ўзи акс этмаган. У Эпштейн билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузарликни бир неча бор қатъий рад этган ва унинг сўзларига кўра, «кейинчалик ҳибсга олиниши ва судланишига олиб келган ҳеч қандай хулқ-атвор гувоҳи бўлмаган ва ҳатто гумон ҳам қилмаган».
Янги ҳужжатларда шу пайтгача энг кўп машҳур шахслар иштирок этган суратлар жамланмаси мавжуд.
Собиқ молиячи Эпштейн шоу-бизнес, сиёсат ва бизнес доираларида кенг алоқаларга эга бўлган шахс сифатида танилган. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган айрим суратларда у Майкл Жексон, Мик Жэггер ва Дайана Росс каби жаҳон миқёсидаги юлдузлар билан бирга акс этган.
Мазкур суратларнинг қаерда ва қачон олингани, шунингдек, улар қайси шароитда туширилгани аниқ эмас. Шу билан бирга, Эпштейн ушбу шахсларнинг барчаси билан яқин муносабатда бўлганми ёки мазкур тадбирларда шахсан иштирок этганми-йўқми — бу ҳам очиқ қолмоқда. Илгари Эпштейнга қарашли мулкдан эълон қилинган айрим суратлар у иштирок этмаган тадбирлардан олинган бўлиб, уларни шахсан ўзи туширмагани ҳам маълум қилинган эди.
Янги эълон қилинган суратлардан бирида Эпштейн Майкл Жексон билан бирга тасвирланган: поп мусиқа қироли костюмда, Эпштейн эса сидирмали капюшонли кийимда кўринади.
Жексон акс этган яна бир суратда у АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва машҳур қўшиқчи Дайана Росс билан бирга тасвирланган. Улар тор ҳудудда биргаликда суратга тушган бўлиб, тасвирдаги бошқа бир нечта шахсларнинг юзлари таҳрир орқали яширилган.
Минглаб файллар орасидаги яна бир суратда «Rolling Stones» гуруҳининг афсонаси Мик Жэггер Клинтон ва юзи таҳрирланган аёл билан бирга суратга тушган. Уларнинг барчаси коктейль услубидаги расмий кийимда.
Шунингдек, бир қатор суратларда актёр Крис Такер ҳам кўринади. Суратлардан бирида у Клинтон ёнида овқатланиш столида ўтирган ҳолда тасвирланган. Бошқа бир суратда эса Такер Эпштейннинг айбланган ҳамкори Гислейн Максвелл билан учоқ майдонида акс этган. BBC Жэггер, Такер ва Россдан изоҳ олиш учун мурожаат қилган.
Клинтон илгари Эпштейннинг жинсий жиноятлари ҳақида хабардор бўлганини инкор этган, унинг вакили жума куни мазкур суратлар ўнлаб йиллар аввал олинганини маълум қилди.
Бошқа бир суратда Гислейн Максвелл Лондондаги 10 Даунинг-стрит [Британия Бош вазири расмий қароргоҳи] олдида тасвирланган. Сурат қайси йилда ва қандай мақсадда олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Шунингдек, сурат олинган пайтда ким бош вазир бўлгани, Гислейн Максвелл Даунинг-стритга қандай мақомда ташриф буюргани номаълум бўлиб қолмоқда.
Файлларда, Эпштейн ҳақида илк бор хабар берган шахслардан бири — рассом Мария Фармернинг баёноти ҳам мавжуд. У 1996 йилда ФБРга берган аризасида, Эпштейн унинг 12 ва 16 ёшли сингилларининг шахсий суратларини ўғирлаганини ва агар бу ҳақда бировга оғиз очса, уйини ёқиб юбориш билан таҳдид қилганини айтган. Унинг ишонишича, суратлар эҳтимолий харидорларга сотилган. Файлларда унинг исми таҳрир қилиниб яширилган бўлса-да, Фармер ушбу баёнот ўзиники эканини тасдиқлади. Унда, Эпштейн гўёки ундан сузиш ҳавзаларидаги ёш қизларни суратга олиб беришни сўраганини қайд этган. «Эпштейн ҳозир [таҳрирланган]га агар у суратлар ҳақида кимгадир айтса, унинг уйини ёқиб юбориш билан таҳдид қилмоқда», — деб ёзилган ҳисоботда. Фармернинг айтишича, деярли 30 йилдан сўнг у ўзини оқлангандек ҳис қилмоқда. «Мен энди ўзимни қутқарилган ҳис қиляпман», — деди у.
Жума куни эълон қилинган ҳужжатлар орасида кўплаб материаллар таҳрирланган бўлиб, улар орасида полиция баёнотлари, тергов ҳисоботлари ва суратлар ҳам бор. Бош ҳакамлар ҳайъати тергови билан боғлиқ бир файлдаги 100 дан ортиқ саҳифа тўлиқ қорайтирилган. Қонунга мувофиқ, расмий шахсларга жабрланувчиларнинг шахсини ҳимоя қилиш ёки фаол жиноят тергови билан боғлиқ маълумотларни яшириш мақсадида таҳрир қилишга рухсат берилган, аммо қонун талабига кўра бундай таҳрирлар сабаби очиқланиши лозим ва ҳозирга қадар бу амалга оширилмаган.
Эълон қилинган минглаб саҳифалар ҳали барча материалларни қамраб олмаган. Адлия вазирининг ўринбосари Тодд Бланшнинг билдиришича, вазирлик жума куни «юз минглаб саҳифалар»ни эълон қилган ва келаси ҳафталарда яна «юз минглаб саҳифалар» эълон қилинишини кутилмоқда. У «Fox & Friends» дастурига берган интервюсида, ҳар бир саҳифани қаттиқ текшириш ишлари олиб борилаётганини ва бу жараёнда «ҳар бир жабрланувчи — исми, шахсияти, ҳикояси, ҳимоя қилиниши керак бўлган даражада тўлиқ ҳимоя қилинишини» таъминлаш мақсад қилинганини таъкидлади. Ушбу жараён вақт талаб қилади.
Қўшимча материаллар қачон эълон қилиниши аниқ эмас ва ҳар икки томон қонунчилари кечикишдан норозилик билдиришмоқда. Демократлар, жумладан конгрессмен Ро Ханна, кечикиш учун Адлия вазирлиги аъзоларига қарши чора кўриш, шу жумладан импичмент ёки эҳтимолий суд жараёни билан таҳдид қилишган. Ханна республикачилардан конгрессмен Томас Мэсси билан биргаликда «Epstein Files Transparency Act» [Эпштейн файллари шаффофлик акти] қонун лойиҳаси бўйича овоз беришга мажбур қилиш ҳаракатига раҳбарлик қилди. Бу ҳаракат АҚШ президенти Доналд Трампнинг партиясини бу чорани рад этишга чақиришига қарши қилинди. У ижтимоий тармоқларда шундай деганди: «Адлия вазирлиги юз минглаб саҳифаларни оммага тақдим қилишда қонун талабларига амал қилмади». Шунингдек, видеода у ва Мэсси барча вариантлар кўриб чиқилаётганини ва ҳар бир имконият масаласи муҳокама қилинаётганини маълум қилди.
Манба: BBC.













Comments
Post a Comment
Comments