Россиядаги тарғибот ва жамиятдаги нафрат кайфияти Қобилжон Алиевнинг ҳалокатига олиб келди — мутахассислар Одинцово шаҳридаги теракт ҳақида
![]() |
«Россия хорижда “миллатчиликка қарши кураш” шиори остида уруш бошлаган бўлса-да, ўз жамиятида бу урушни аллақачон ютқазиб бўлди», — дея таъкидлайди мутахассислар.
![]() |
| Қобилжоннинг қариндошлари у ҳалок бўлган мактаб олдида |
Уларнинг фикрича, Россияда миллатчилик руҳида содир этилган шафқатсиз жиноятлар, жумладан Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши ҳам, муҳожирларга қарши йўналтирилган муҳитнинг шаклланиши ва нафрат учун жазосизлик оқибатидир.
Биз уларга учта савол билан мурожаат қилдик:
— Москва вилоятининг Одинцово шаҳрида боланинг ўлдирилишига олиб келган чуқур сабаблар нимада? Миллатчилик асосида қотиллик содир этган вояга етмаган жиноятчининг ўз-ўзини англашига қайси ижтимоий омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин?
— Россия давлат тарғиботи бир неча йилдан бери очиқчасига бошқа миллатлар ва халқларга нисбатан адоватни тарғиб қилиб келмоқда. Сизнингча, унинг таъсирчанлиги қай даражада?
— Нафратни қўзғатувчи баёнотлари билан танилган айрим россиялик сиёсатчиларнинг ёш онгларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири қай даражада?
Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича илмий ходими Темур Умаровнинг фикрича, мазкур ҳолат ижтимоий тармоқлардан назоратсиз фойдаланаётган ва нафақат Россияда, балки бутун дунёда тарқалган турли ғоявий оқимлар таъсири остида қолаётган ёшлар радикаллашувининг глобал тенденцияси давоми ҳисобланади.
![]() |
| Темур Умаров |
— Эҳтимол, бу одамлар ўз ҳаётида қандайдир адолатсизликка дуч келаётгандир, ижтимоий тармоқлар алгоритмлари эса айнан шу адолатсизлик ҳиссини «ўқиб», уни тўлдириб берадиган контентни таклиф қилади. Натижада, инсон «қуён ини»га тушиб қолгандек, турли хавфли ғоявий оқимлар таъсири остида қолади. Бу эса, давлат тизимли даражада назорат қилиши жуда қийин бўлган вазиятлар сирасига киради.
Буларнинг барчаси Россиядаги умумий ижтимоий муҳит туфайли янада кескинлашмоқда. Нафрат сувга ўхшайди — у доимо бирор ёриқни топади ва бутун маконни тўлдиради. Агар нафрат тили энг юқори даражада расмий тилга айланса, бу ўз-ўзидан бошқаларга ҳам худди шундай фикрлаш мумкин, деган рухсатни беради.
Жамиятнинг қуйироқ қатламидаги одамлар бу сўзларни ўз дунёқарашидан келиб чиқиб талқин қила бошлайди ва кимдир уларни амалий ҳаракатга айлантиришга қарор қилади.
![]() |
| «Рус ҳамжамияти» (ӯнг қанот миллатчи, исломофоб, аксилмуҳожир ташкилот) |
Мен, Россия давлат сиёсати тўғридан-тўғри муайян бир боланинг ўлдирилишига олиб келди, деб айтмоқчи эмасман. Бироқ, у ҳатто бунга қасд қилмаган тақдирда ҳам, мамлакат ичида бундай ҳаракатларни бевосита бўлмаса ҳам, билвосита рағбатлантирмоқда. Бу замонавий Россия тарихида миллатчиликнинг илк бор намоён бўлиши эмас, Россия Федерацияси ҳудудида бундай ҳаракатлар қайта тирилаётган биринчи давр ҳам эмас. Бироқ, бу сафаргисининг фарқи шундаки, барча жараёнлар ахборот асрида — ҳаммамиз бир-биримизни доимий кузатиб турган бир шароитда, юз бераётир.
Айни пайтда, ҳужум рамзий ҳаракатга айланадиган даврда яшаяпмиз: бундай зўравонлик ҳақидаги ахборот жуда тез тарқалади ва бошқа ўсмирларни ҳам илҳомлантириши мумкин. Россия давлат тарғиботининг мақсади мамлакат ҳудудида зўравонлик ҳаракатлари сонини кўпайтириш эмас, унинг асосий мақсади — жамиятни ягона умумий душман, ягона таҳдид ғояси атрофида бирлаштириш. Ана шу — кенг кўламли аксилмуҳожир кампаниянинг ва «махсус ҳарбий операция» деб аталувчи тарғибот мазмунининг бош ғояси бўлиб қолмоқда.
Аммо, Россия ҳокимияти ўз ҳаракатлари айрим инсонлар томонидан миллатчи нарративлар амалий ҳаракатга чақириқ сифатида қабул қилинаётганини англаши керак. Шунинг учун ҳам, биз мамлакат ичида «тартиб ўрнатиш»ни ўз зиммасига олаётган қуйи даражадаги миллатчи гуруҳларнинг кўпайиб бораётганини кўряпмиз. Улар босқинлар ўтказмоқда, баъзан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ҳаракат қилмоқда. Уларнинг ижтимоий тармоқларида эса очиқдан-очиқ зўравонликка чақириқлар ҳам учраб турибди.
Бугун ҳатто муҳожирлар ҳам инсон экани, уларнинг ҳам ҳуқуқлари борлиги ва улар билан ҳисоблашиш кераклиги ҳақида гапиришнинг ўзи хавфли ҳисобланади. Бундай риторика аллақачон «бузғунчи» деб қабул қилина бошланди. Шу маънода, тарғибот самарали ишлаган: у жуда бузиб кўрсатилган «cancel culture» — бекор қилиш маданиятини шакллантирди. Энди «меъёрда» бўлиш учун қоидаларни янада қаттиқлаштиришга чақириш, умуман олганда, муҳожирлар ҳаётини янада қийинлаштириш керак, деган тасаввур ҳукмрон бўлиб бормоқда.
Парвиз Мулложонов, тожикистонлик сиёсатшунос:
— Содир бўлаётган воқеаларнинг асосий сабаби — замонавий Россия жамиятида муҳожирларга нисбатан нафратнинг кучайиб бораётганида. Агар илгари жамиятдаги ксенофобия нисбатан яширин тусга эга бўлиб, асосан айрим ОАВ ва ташкилотлар томонидан тарғиб қилинган бўлса, сўнгги йилларда у давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланди.
Давлат, у қўллаб-қувватлаётган нодавлат ташкилотлар ва медиа ўртасидаги бундай уйғунлик катта таъсир кўрсатди ва у Россия жамиятида «бегона»ларга нисбатан нафратнинг мисли кўрилмаган даражада ўсиши билан намоён бўлди.
Жумладан, икки йил ичида (2014–2016) «Россия — руслар учун» шиорини қўллаб-қувватлаётган россияликлар улуши 50 фоиздан 70 фоизгача ошган. Лўлилар яшашини чеклаш тарафдорлари улуши 17 фоиздан 40 фоизга, хитойликлар бўйича — 15 фоиздан 39 фоизга, Марказий Осиёдан келганларга нисбатан — 19 фоиздан 32 фоизга, Қофқоздан чиққанларга — 22 фоиздан 31 фоизга, украинларга — 8 фоиздан 18 фоизга, яҳудийларга нисбатан эса — 4 фоиздан 17 фоизгача ошган.
![]() |
| Парвиз Мулложонов |
Таққослаш учун, бу кўрсаткичлар Германиядаги муҳожирларга нисбатан нафрат даражасидан деярли икки баравар юқори (2024 йилда 21–32%). Ҳолбуки, айнан Германияни Россия тарғиботчилари нацизмни қайта тиклаш ва қўллаб-қувватлашда энг кўп айблаб келади. Шу маънода, Россия хорижда нацизмга қарши кураш шиори остида уруш бошлаган бўлиши мумкин, аммо бу урушни у ўз жамиятида, ўз ҳудудида аллақачон ютқазиб бўлган. Россия ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлари маълумотларига кўра, 2010 йилдаёқ Европадаги фаол неонацистларнинг қарийб ярми Россия ҳиссасига тўғри келган.
Тарғибот масаласига келсак, у жамият ҳаётининг барча соҳаларига — таълим тизими, фан, маданиятдан тортиб иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётгача чуқур кириб борган. Шу боис, унинг таъсири жуда катта бўлиб, бугун Россия жамияти сезиларли даражада ўнг томонга силжиганини кузатиш мумкин.
Бугун тарғибот «бегона»ларни инсон сифатида қабул қилмасликка, уларни ахлоқ, қоидалар доирасидан чиқариб, ҳатто ҳамдардлик билдириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этишга ўргатмоқда.
Жумладан, 2022 йилда «Russia Today» телеканалида чиқиш қилган машҳур тарғиботчи А. Красовский украин болаларини «чўктириш ва ёқиш»га чақирган, бироқ бу учун жиддий жазога тортилмаганди.
Бугун биз Россия жамиятининг катта қисми томонидан Одинцово шаҳрида тожикистонлик боланинг ўлдирилишига нисбатан бефарқликни кўряпмиз. Ҳатто, ўзини «мухолифат» деб атаётган блогерлар ва оммавий ахборот воситаларининг кўпчилиги ҳам бу фожиали воқеани сукут билан четлаб ўтишни маъқул кўрди. Айрим россиялик сиёсатчилар жамият фикрини шакллантиришдан кўра, асосан уни акс эттиради. Яъни, фикрни бошқариш ўрнига, унга эргашади.
![]() |
| Тасвир: Global Voices |
Эҳтимол, бу ерда икки таъсир мавжуд. Бир томондан, айрим россиялик сиёсатчилар, мансабдорлар ва депутатлар соф популистик мулоҳазалардан келиб чиқиб, қўшимча сиёсий баҳолар тўплаш мақсадида кескин аксилмуҳожир баёнотлар бермоқда. Шу билан бирга, улар жамиятнинг ўзига хос қисми сифатида, унинг кайфияти ва фикрини ҳам ифода этади.
Бошқа томондан эса, бундай баёнотлар мигрантофоб кайфиятларнинг кучайишига ва очиқ ифодаланишига хизмат қилмоқда. Одамлар юқори лавозимли расмий шахслар муҳожирлар ва меҳнат миграциясига қарши очиқдан-очиқ кескин фикрлар билдиришаётганини кўради ва бу мамлакатда ксенофобияни қонуний, мақбул ҳолат сифатида қабул қилинишига олиб келади. Шу тариқа, ўзига хос ёпиқ айлана юзага келади: сиёсатчилар жамоатчилик фикрига эргашади, айни пайтда эса уни қўзғатиб, «бегона»ларга нисбатан янада кучли радикаллашув ва нафратни рағбатлантиради.
Рустам Азизий, зўравонлик ва экстремизмга қарши кураш соҳаси мутахассиси:
— Очиғини айтганда, ушбу жиноятнинг чуқур сабаблари «якка ҳолат» ёки «маиший можаро» доирасида эмас. Бу — узоқ вақт давомида шаклланган тизимли жараённинг натижаси эканлиги аён бўлиб қолди. Россияда камида сўнгги ўн йил мобайнида, айниқса Украинадаги уруш бошланганидан кейин, изчил равишда тажовузкор популистик ва миллатчилик муҳити шакллантириб келинмоқда. Бу муҳитда «душман» қиёфаси жамоатчилик онгининг асосий унсурига айланди. Бу жараёнда барча «бошқалар» — муҳожирлар, рус бўлмаганлар, бегона деб қабул қилинган гуруҳлар зарба остида қоляпти. Давлат бундай арзон, аммо ўта хавфли популизмга онгли равишда сармоя киритмоқда, чунки у тезкор сиёсий даромад келтиради. Ижтимоий ва иқтисодий инқироз шароитида ҳақиқий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, барча қийинчиликларни ташқи ёки ички душман мавжудлиги билан изоҳлаш анча осонроқ.
![]() |
| Рустам Азизий |
Натижада, нафрат тили секин-аста одатий ҳолга айланади ва зўравонликка ахлоқий оқлов топила бошлайди. Бу — бундай ҳолатнинг илк мисоли эмас. Оммавий майдонда фақат нафрат мотиви аниқ бўлган воқеалар катта резонансга эга бўлади, қолгани эса одатда «маиший можаро» сифатида баҳоланади. Лекин чуқурроқ қаралса, бу масала тизимли муаммо экани аниқ бўлади.
Бугун Россияда мигрантофоб риторика деярли ҳамма жойдан эшитилади: федерал телеканаллар экранларидан, депутатлар, мансабдорлар ва «мутахассислар» оғзидан. Бу қаердаги интернет қаҳрамони эмас, балки юқоридаги расмий позиция бўлиб, тепадан пастга узатилмоқда. Бундай муҳитда ҳатто бола ҳам оддий ва хавфли формулани ўзлаштиради: «биз» бор ва «улар» бор, ва «улар» шафқатга лойиқ эмас.
Айниқса, Россия ахборот майдонининг айрим қисми реакцияси кўрсатмали бўлди. Давлат тарғиботи вертикалига амалан интеграция қилинган Z-каналларда ўлдириш ҳақидаги хабарлар остида масхара, қувонч ва очиқ дегуманизация маъносидаги минглаб(!) шарҳлар пайдо бўлди.
![]() |
| Москвада муҳожирнинг қўлга олиниши |
Бола ўлими масхара учун сабаб бўлса, бу — жамиятнинг чуқур ахлоқий инқирозининг белгиси.
Бугун Россияда ўн йил олдин номақбул ёки экстремистик деб ҳисобланган сўзларни бемалол очиқ айтса бўлади. Энг хавфли жиҳати шуки, бу тарғибот ёшлар ва болаларга таъсир қиляпти. Улар нафрат одатий ҳол ва тажовуз ватанпарварлик шакли сифатида кўрсатиладиган муҳитда ўсмоқда. Бундай шароитда, бундай фожиали воқеалар аксарият ҳолларда муқаррар бўлиб қолади.
Айрим россиялик сиёсатчиларнинг ксенофоб баёнотлари ёш онгларга катта таъсир кўрсатаётир. Мандатли, мансабдор ва федерал эфирга чиқиш имконига эга шахс очиқ-ойдин нафрат билдирса, у шу нафратни қонунийлаштиради. Ёшлар учун бу тўғридан-тўғри аломат: шундай қилиш мумкин, бу тўғри, ҳукумат шундай демоқда.
Аркадий Дубнов, сиёсатшунос, мухбир, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис:
— Одинцово воқеаси вакуумда содир бўлгани йўқ. «Бегона»ларга нисбатан муросасизлик муҳити, яъни бошқача қилиб айтганда ксенофобия, айниқса 2022 йилда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Россия сиёсий мунозараларида кучайиб борди ва бир қатор давлатларни «нодўстона» деб белгилашни деярли расмийлаштириб, бу ғоя жамиятнинг қарийб барча қатламига сингдирилди. Бу жараёнга давлат ОАВ тарғиботи, ватанпарварлик нарративлари билан бойитилган ва «бегона»нинг Россия жамияти ҳаётига киришига қарши кураш лозимлигини таъкидлайдиган контент катта ҳисса қўшди.
![]() |
| Аркадий Дубнов |
Шу боис, Россиядаги айрим шарҳловчилар тожикистонлик боланинг миллий адоват замирида ўлдирилиши билан боғлиқ фожиа фонида ўсмирлар тарбиясидаги муаммоларни тан ола туриб, бунда фақат «оила ва мактаб»ни айблашлари — эътиборни атайлаб асосий нуқтадан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Зеро, балиқ бошидан сасийди.
Токи Россияда энг юқори доиралар даражасида «душман» дунёга қарши ички жипслашиш ғояси сингдирилар экан, бу «душман дунё» сафига, хоҳлаймизми-йўқми, мамлакатга хайрихоҳ давлатлар ва элатлар ҳам кириб қолаверади. Оддий инсоний муносабатлар даражасидаги бу аччиқ воқеликни давлат раҳбарларининг дўстона қучоқ очиб кўришиши билан тузатиш амримаҳол. Хасталик аллақачон сурункали тус олган, уни даволаш эса узоқ вақт ва давлат парадигмаларини (мақсад ва вазифаларини) ўзгартиришни талаб этади.
Сайфулло Сафаров, тожикистонлик сиёсатшунос:
Юз берган воқеаларнинг асл сабаби — Россия жамиятида юзага келган чуқур маънавий инқироздир. Бундай вазиятда жамият дўст билан душманнинг фарқига бормай қолади. Биз бу каби даврни 90-йилларда ҳам бошимиздан кечирган эдик. Ўта салбий иллат ҳисобланувчи миллатчилик ғояларининг кенг тарқалиши мазкур феноменни юзага келтирган биринчи галдаги омиллардан. Россия давлат тарғиботи ҳам мазкур жараёнга таъсир кўрсатувчи омиллардан бири бўлиши мумкин. Бироқ, Россия ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида душманларига қарши тарғибот юритмасдан туриб уруш олиб бора олмайди. Лекин, бу ерда муҳожирларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Аксинча, улар бўш иш ўринларини тўлдириб, Россия иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатмоқдалар. Бундан ташқари, бошқа ижтимоий омиллар ҳам мавжуд: мамлакатда муҳожирлар сонининг кўплиги, ҳарбий можаро ҳолати, ташқи таҳдидлар ва ташқи рақибларнинг манфаатдорлиги, диний зиддиятлар ва ҳоказо. Шунга қарамай, таъкидлаш жоизки, Россиядаги соғлом кучлар ҳам етарлича салоҳиятга эга ва улар миллатчиларга қақшатқич зарба бериб, мамлакатда осойишталикни сақлаб қолишга қодир.
Ксенофобик риторикага йўл қўяётган россиялик сиёсатчиларнинг таъсирига тўхталадиган бўлсак, ўзларини «ватанпарвар» деб атовчи бу кучлар аслида сайловларда овоз тўплаш ёки ўзларини жамиятга манфаатли қилиб кўрсатиш илинжида Россия зиёнига ҳаракат қилмоқдалар.
Масалан, бир неча кун аввал Владимир Путин Татаристондаги турли дин вакилларининг тинч-тотув яшаш тажрибасини алоҳида қайд этди. Бу эса, Россиянинг ҳамма ҳудудларида ҳам бундай инқирозли вазият ҳукм сурмаётганидан далолат беради. Россияда соғлом муҳит сақланиб қолган ҳудуд ва шаҳарлар кўп, бироқ миллатчилик хасталигига чалинган зиёлилар, депутатлар ва амалдорлар ҳамма ерда учрайди. Улар ижтимоий барқарорликка таҳдид солиб, миллатлараро тотувлик билан ном қозонган Россиянинг обрўсига путур етказяптилар.
![]() |
| Сайфулло Сафаров |
Россия жамиятининг жипслиги ва осойишталиги, аввало, уларнинг ўзлари учун ҳаётий заруриятлиги аниқ. Мамлакат ташқарисида эса, Россиянинг парчаланишидан манфаатдор бўлган ва ушбу мамлакат халқлари ўртасидаги зиддиятлар кескинлашувини интизорлик билан кутаётган кучлар ҳам оз эмас.
Ишончим комилки, Россия халқи ушбу мудҳиш жиноятдан чуқур хижолатда. Зеро, бугунги кунда бутун дунёда россияликларнинг ўзларига нисбатан ҳам худди шундай муносабат шаклланиб улгурган. Бу каби ксенофобия, айби бор ёки йўқлигидан қатъи назар, барча Россия фуқароларининг халқаро обрўсига путур етказади. Бу — россияликлар учун фожиали оқибатларни келтириб чиқарувчи ўта салбий иллатдир.
Манба: ASIA-Plus.










Comments
Post a Comment
Comments