Мирзиёев ислоҳотлари (Жини индекси орқали таҳлил)

Иқтисодий статистика ва макроиқтисод соҳасидаги мутахассис сифатида Ўзбекистоннинг иқтисодий йўналишини, халқ хўжалигининг жорий ҳолатини, ижтимоий фаровонлик даражасини ҳамда ҳукумат сиёсатини баҳолашда қўлланиладиган бошқа индикаторларни аниқлаш учун ҳисоб-китоблар билан шуғулланишни ёқтираман. Бугун, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик масаласини Жини индекси орқали таҳлил қиламиз.



Жини индекси — жамиятда даромадлар (ёки бойлик) тақсимотидаги тенгсизликни ўлчаш учун қўлланиладиган статистик кўрсаткич. У ҳар бир жамият аъзоси бир хил даромад оладиган мутлақ тенглик ҳолатидан реал тақсимот қай даражада оғишганини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич ХХ аср бошларида италиялик статистикачи Коррадо Жини томонидан таклиф этилган бўлиб, бугунги кунда дунёдаги энг кенг тарқалган ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.



Жини индекси қандай талқин қилинади? У 0 дан 1 гача (ёки фоиз кўринишида 0 дан 100 гача) қийматларни қабул қилади:

0 — мутлақ тенглик, яъни барча бир хил даромадга эга;

1 (ёки 100) — мутлақ тенгсизлик, яъни барча даромад битта шахс қўлида жамланган;

30–35 — ўртача даражадаги тенгсизлик;

40 дан юқори — юқори даражадаги тенгсизлик.



Индекс қиймати қанчалик юқори бўлса, жамиятдаги тенгсизлик даражаси шунчалик кучли бўлади. Жаҳон банки маълумотларига таянган ҳолда, 2000 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда Ўзбекистондаги тенгсизлик даражасини аниқлашга ҳаракат қилдим. Бу таҳлил Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев даврида миллий бойлик қандай тақсимланганини тушуниш учун зарур.



2000 йилда Жини индекси 35,9 ни ташкил этган бўлиб, бу даромадлар бўйича ўртача даражадаги тенгсизликни кўрсатади. Яъни, жамиятда даромадлар нотенг тақсимланган, аммо уларнинг кескин тарзда аҳолининг тор доираси қўлида жамланиши кузатилмаган. Бошқача қилиб айтганда, кучли ижтимоий қатламлашув мавжуд эмас. Ўша пайтда, Ўзбекистондаги тенгсизлик кўплаб ривожланаётган мамлакатларга нисбатан паст ва «фавқулодда» чегаралардан анча узоқ эди.



36 атрофидаги қиймат, одатда, ўртача даромадга яқин бўлган аҳолининг салмоқли қатлами мавжудлигини англатади. Шу сабабли, тенгсизлик ўша даврда асосий ижтимоий муаммо ҳисобланмаган. Асосий муаммо — даромадларнинг пастлиги ва кенг тарқалган қашшоқлик эди, уларнинг тақсимоти эмас.



Ислом Каримов даврида, де-факто, барча камбағал эди, шунинг учун бундай умумий қашшоқлик шароитида неъматларга эга бўлишда катта тафовут мавжуд эмасди. Бироқ, аҳоли даромади гуруҳлари ўртасида маълум даражада фарқ сақланиб қолганди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 35,9 индекси — бойлар даромаднинг 36 фоизини олади ёки аҳолининг 36 фоизи бой ёки камбағал дегани эмас. Бу кўрсаткич аҳоли улушларини эмас, балки даромад тақсимотининг мутлақ тенгликдан оғиш даражасини ифодалайди. Тушуниш учун қиёс келтирадиган бўлсак, ўша даврда Россияда Жини индекси тахминан 37–38, Қозоғистонда 33–34, Бразилияда эса 50 дан юқори бўлган. Ўзбекистон ушбу диапазоннинг ўртасида, ўртача тенгсизликка эга давлатларга яқин жойлашган эди.


2024 йилга келиб, Жини индекси 34,6-ни ташкил этди. Бу — Шавкат Мирзиёев олиб борган сиёсат катта ижтимоий силжишларга олиб келмаганини кўрсатади. Лекин, 2022 йилда тенгсизликнинг минимал даражаси — 31,2 қайд этилган. Эҳтимол, бу иқтисодиётни либераллаштириш, бизнес ва аҳолига нисбатан репрессив босимни камайтириш бўйича илк ижобий қадамлар натижаси бўлгандир. Кейинчалик, кўрсаткич яна ўсди. Мутахассислар бу ҳолатни инфляция, COVID-19 оқибатлари, таркибий ислоҳотлар ва бозор даромадларининг ўсиши билан боғлашмоқда.



Айтиш мумкинки, Мирзиёев ислоҳотлари бевосита тенгсизликни оширишга қаратилмаган. Аммо, қисқа ва ўрта муддатли даврда улар ҳақиқатдан ҳам тенгсизликни кучайтирган бўлиши мумкин. Бу — ўтиш давридаги иқтисодиётлар учун хос бўлган, таркибий ислоҳотларга ҳамроҳ эффект ҳисобланади. Яъни, тенгсизликнинг ўсиши яқин даврга хос бўлиб, 2016 йилдан бери доимий ва чизиқли тренд эмас.



Нима учун ислоҳотлар тенгсизликни оширган бўлиши мумкин? Бунга, аввало, 2017 йилда амалга оширилган нарх ва валюта бозорининг эркинлашувини мисол қилиш мумкин. Валюта чекловларининг бекор қилиниши натижасида бизнес, экспортчилар ва активларга эга шаҳар аҳолиси ютди. Айни пайтда эса муқаррар, белгиланган даромадга эга бўлган қатламлар — бюджет ходимлари, нафақахўрлар, талабалар, шунингдек қишлоқ аҳолиси ва кам таъминланган хўжаликлар инфляция орқали йўқотишга учради. Афсуски, бу «эркинлашув зарбаси» деб аталадиган классик ҳолатдир.



Шунингдек, бозор даромадларининг ўсиши ижтимоий даромадларга нисбатан анча тез кечди. Бу дегани, тадбиркорлар ва юқори малакали мутахассислар даромадлари ижтимоий соҳа ва бюджет ходимлари маошларига қараганда тезроқ ошди. Натижада, даромад манбалари бўйича ижтимоий қатламлашув юзага келди.



Учинчи муҳим жиҳат — ҳудудий тенгсизлик. Тошкент ва йирик шаҳарлар ислоҳотлардан анча кўпроқ фойда кўрди, қишлоқ ҳудудлари эса — нисбатан камроқ. Бу, ўз навбатида, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутнинг кучайишига олиб келди.



Мен авторитар ҳокимият тарафдори эмасман, аммо иқтисодчи сифатида таъкидлашим керакки, 2016 йилдан кейинги ислоҳотлар қашшоқликни қисқартирди (тенгсизликнинг ўсишига қарамасдан), расмий бандликни кенгайтирди ва манзилли ижтимоий ёрдамни (маҳалла тизими орқали) кучайтирди. Кўпгина мамлакатларда аввало тенгсизлик ўсади, кейин эса ислоҳотлар давом этса ва қайта тақсимлаш механизмлари кучайтирилса, у пасаяди.



Одамларда бекорчи умид бўлмаслиги учун шуни очиқ айтиш керакки, Жини индекси «тенгсизлик даражаси» билан «ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар сифати» ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатиб бермайди. Ўзбекистонда Жини индекси ўртача даражада сақланиб қолаётгани ислоҳотларда хатолар йўқ, дегани эмас. Бу хатолар бошқа текисликда жойлашган бўлиб, улар ҳар доим ҳам Жини орқали тўғридан-тўғри акс этмайди.



Гап шундаки, Жини индекси фақат даромадларнинг тақсимотини қайд этади, аммо уларнинг барқарорлиги, сифати ва манбаларини кўрсатиб бермайди. Шу сабабли, ўртача Жини даражаси сақланган ҳолда қуйидаги муаммолар мавжуд бўлиши мумкин:

- заиф ўрта синф;

- ҳудудий тенгсизлик;

- беқарор бандлик;

- инфляцион босим.



Ислоҳотлар даромадларнинг ошишига олиб келди, бироқ ҳокимият институтларини ўзгартириш жараёни ноизчил ва секин кечди. Ҳа, Мирзиёев даврида валюта бозори, нархлар ва бизнес муҳити тез эркинлаштирилди, аммо шу билан бирга суд-ҳуқуқ тизими, репрессив назоратни қисқартириш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва рақобатни таъминлаш соҳаларида ислоҳотлар суст кечди. Натижада, даромадлар асосан капиталга ва алоқаларга эга бўлган гуруҳларда ўсди (уруғ-аймоқчилик, порахўрлик, уюшган жиноятчилик), мамлакатда «қуйи ўрта синф»-ни ҳимоя қилиш заифлашди (бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз — муаллиф изоҳи). Аслида, ўрта синфнинг катта қисми қашшоқлик чегарасига жуда яқин жойлашган бўлиб, инфляция ва тарифларнинг ошиши одамларни осонгина «пастга суриб» юборади.



Ҳукумат сиёсатининг асосий хатоси шундаки, ижтимоий ҳимоя асосан қашшоқ қатламга йўналтирилган бўлиб, заиф ўрта синф эътибордан четда қолмоқда. Жини индекси одамлар «бир маромда камбағаллашса» ҳам барқарор қолиши мумкин. Шунингдек, ҳудудий ривожланишдаги тенгсизлик сақланиб қоляпти. Иқтисодий ўсиш асосан пойтахт ва саноат марказларида (Навоий, Самарқанд, Жиззах), ҳамда айрим тармоқларда (банклар, қурилиш, экспорт, нефт) жамланган. 2020-йиллардан бошлаб ҳудудий саноат сиёсати етарлича кучли бўлмади, бу эса меҳнат миграциясининг ўсиши билан тасдиқланади. Инвестициялар билан маҳаллий бандлик ўртасидаги боғлиқлик заиф бўлиб қолди. Натижада, Ўзбекистон бўйича ҳисобланган Жини индекси ҳудудий номутаносибликларни «сирғалаб ўтади».



Бундан ташқари, даромадларнинг салмоқли қисми меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари, норасмий бандлик ва ижтимоий кафолатларсиз ўз-ўзини банд қилиш ҳисобига шаклланаётир. Мутахассислар буни етарлича формаллашув ва хавфни суғурталашнинг йўқлиги, деб баҳолашарди. Ҳозирча, чет элдан пул ўтказмалари мавжуд экан, Жини барқарор кўринади. Аммо, ташқи зарбалар шароитида тенгсизлик кескин ўсиши мумкин.



Шу билан бирга, нархлар ўсиши меҳнат унумдорлиги ўсишидан тезроқ кечди. Бу, албатта, инфляцияни кучайтириб, реал даромадларни пасайтиради. Ислоҳотлар технологик янгиланиш, сифатли таълим ва инсон капитали ўсишига етарлича эътибор қаратмади. Бунинг натижаси ўлароқ Жини индекси ўсмаслиги мумкин, аммо аҳолининг реал фаровонлиги ёмонлашади. Хавф фақат юқори тенгсизликда эмас, балки паст даромадлар шароитида «қотиб қолган ўртача тенгсизлик» ҳам. Бу — ижтимоий эгилувчанликнинг пастлиги, таълимдан олинадиган самаранинг камлиги ва ўрта синф ўсишининг чекланганлигини англатади.



Ўзбекистонда тенгсизликнинг ўртача даражада сақланиб қолиши даромадларнинг заифлиги, ҳудудий номутаносибликлар ва институционал муҳитнинг кучсизлиги билан боғлиқ таркибий хатолар мавжуд эмаслигини англатмайди. Бу ҳолатда, Жини индекси даромадлар тақсимотининг нисбий текислигини кўрсатади холос, уларнинг барқарорлиги ва сифати ҳақида тасаввур бермайди.



Хулоса шуки, ўртача Жини кўрсаткичи — бу на иқтисодий ва ижтимоий сиёсатдаги муваффақиятсизликнинг далили, на Мирзиёев сиёсатининг муваффақиятини тўлиқ исботловчи омилдир.



Манба: Facebook.

Comments