Қозоғистонда яшайсанми, қозоқча гапир!(ми?)

Жанна Исабаева

АҚШда инглиз тилини билмайдиган миллионлаб одамлар яшайди. Бу — фақатгина янги иммигрантлар эмас, улар орасида ўнлаб йиллар давомида мамлакатда истиқомат қилиб келаётган шахслар ҳам бор. Улардан инглиз тилини билиш қатъий талаб қилинмайди. Агар инглиз тилини билмайдиган фуқаро суд, полиция ёки шифохона каби давлат муассасаларига мурожаат қилса, қонунга мувофиқ, унга таржимон таъминланиши шарт. Фуқаро қайси тилда сўзлашишидан қатъи назар, таржимон топилади ва унинг келишини кутишади. Бошқача қилиб айтганда, инглиз тилини билмаслик — бу шахснинг муаммоси эмас, балки давлат институтларининг масъулияти ҳисобланади.



Энди, хусусий ташкилотлар масаласига келсак. Қуйидаги ҳолатни тасаввур қилишнинг ўзи қийин: фараз қилайлик, хусусий муассасага тасодифий, ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган бир шахс кириб келади-да, инглиз тилида гапирмайдиган ходимга яқинлашиб, уни видеога ола бошлайди ва телефонни унинг юзига тиқиб, бақиради: «Мен билан инглиз тилида гапир!» Шундан сўнг, ушбу тасодифий ташрифчи видеони ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштиради.



Бундай ҳолатда, воқеалар ривожи қуйидагича бўлади: эртаси куни полиция мазкур шахсни аниқлайди, қўлига кишан солиб, полиция бўлимига олиб келади. У ерда унга қуйидаги бандлар бўйича айбловлар илгари сурилади:



1. Stalking — таъқиб;



2. Harassment — шахснинг ўз иродасига қарши мулоқотга мажбурлаш;



3. Рухсатсиз суратга олиш. Тўғри, кўчада, жамоат жойларида ёки ўзини ҳимоя қилиш мақсадида суратга олиш мумкин, аммо хусусий муассасада аниқ бир шахсни қасддан видеога олиш тақиқланади;



4. Bullying — ижтимоий тармоқларда видео жойлаштириб, таъқиб ва тазйиққа даъват қилиш ва нафрат тили (hate speech) қўллаш.



Ушбу айбловлар бўйича маҳкама тайинланади. Тасодифий ташрифчи маҳкамага келганида, видеога олинган ходимнинг ҳимоячиси қатор молиявий талабларни тақдим этади:



— тиббий ҳисоб-китоблар (руҳшуносга мажбурий ташрифлар: осонликча 20та сеанс тайинланиши мумкин, ҳар бири 200–400 доллардан);


— молиявий зарарни қоплаш учун товон пули (ишдан айрилиш, мажбурий касаллик варақалари, тушкунликка тушиш, ваҳима хуружлари, иш жойини ўзгартириш ва ҳ.к.);


— жабрланувчининг ўзи томонидан баҳоланган маънавий-ахлоқий зарар учун алоҳида товон пули.



Бироқ, очиқ айтиш керак, амалда бу босқичларгача иш бориб етмайди. Чунки, агар тасодифий ташрифчи хусусий ташкилотда видеога олишни бошласаю: «Илтимос, бинодан чиқиб кетинг», деб огоҳлантирилса ва у бу талабга бўйсунмаса, ходимлар дарҳол полицияни чақиришади. Полиция, тахминан, уч дақиқа ичида етиб келади, шахсни ҳибсга олади, машинага ўтқазади ва унга нима қилиш мумкин эмаслигини қисқа ва аниқ тарзда тушунтириб беради. Бу — воқеалар ривожининг энг юмшоқ сценарийси. Чунки, бундай ҳолатда тасодифий ташрифчи видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга улгурмайди, судга тортилиб, жазо олмайди ва товон пули тўламайди.



Шу билан бирга, мазкур шахснинг обрўсига жиддий путур етади: жамоатчилик томонидан камситишда айбланади, иш жойини деярли аниқ йўқотади ва турли жамоалардан четлаштирилади.



Бу, масалан, Калифорния штати учун хос бўлган сценарийдир. Агар шу каби ҳолатлар АҚШнинг шимолий штатларида — Мэн, Шимолий Дакота, Миннесота каби ҳудудларда содир бўлса, воқеалар ривожи бутунлай бошқача тус олиши мумкин: тасодифий ташрифчи бақира бошлайди: «Мен билан инглиз тилида гапир!» Унга яна: «Илтимос, чиқиб кетинг», дейишади. Агар у чиқиб кетмаса, ходимлардан бири бар остидаги ғаладондан ёки ёрдамчи хонадан милтиқ олиб чиқиб, уни қоидабузарга қаратган ҳолда тахминан қуйидагича огоҳлантириши мумкин: «Ё ҳозироқ чиқиб кетасан, ёки мен ўқ узаман, чунки бу ҳудудга рухсатсиз кириш ҳисобланади».



Буларнинг барчасини нега айтаяпман? Қозоғистон билан Американи таққослаганда, негадир фақат ҳуқуқлар таққосланади. Сиз эса, илтимос, масъулиятни ҳам бир таққослаб кўринг.



Манба: Facebook.

Comments