Нима учун Афғонистон ва Покистон урушяпти?
Покистон мудофаа вазирига кўра, икки давлат ҳозир «очиқ уруш» ҳолатида.
![]() |
Толибон хавфсизлик кучлари 2026 йил 27 феврал куни Покистон ва Афғонистон ўртасида тунги чегараолди жангларидан кейин Хуст вилоятининг Гурбуз туманидаги Дуранд чизиғи яқинида навбатчилик қилмоқда. |
Покистон Афғонистон пойтахти Кобул ва бошқа шаҳарларга ҳаво зарбалари бергач, икки давлат ўртасидаги умумий чегара бўйлаб тўқнашувлар кескинлашди. Жума куни Покистон мудофаа вазири Хўжа Осиф расмий Исломободнинг Афғонистондаги Толибон ҳокимиятига нисбатан сабри тугагани ва икки мамлакат ҳозир «очиқ уруш» ҳолатида эканини маълум қилди. Бу баёнот Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳиднинг Афғонистон икки мамлакатни ажратиб турувчи Дуранд чизиғи бўйлаб Покистон қуролли кучларига қарши «кенг кўламли ҳужумкор амалиётлар» олиб бораётганини айтганидан бир неча соат ўтиб янгради. Бу воқеа икки давлат умумий чегарасида бир неча ҳафтадан бери давом этаётган жанглар ортидан юз бермоқда, ҳар икки томон ўнлаб одам ҳалок бўлганини даъво қиляпти. Ҳарбий тўқнашувлар 2021 йилда Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери Покистон ва Афғонистондаги Толибон ҳокимияти ўртасидаги таранглик кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлмоқда.
Ҳозиргача қуйидагилар маълум:
Нима содир бўлди?
Жума куни Покистон расмийлари афғонистонлик кучлар чегара яқинидаги ҳарбий маконларга ҳужум қилганини билдирди, бу эса Исломободни Афғонистон ичидаги нишонларга, жумладан пойтахт Кобул ва бошқа шаҳарларга ҳаво зарбалари беришга ундади.
Покистоннинг биринчи зарбаси жума куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 1:50 да (Тошкент вақти билан 02:20) амалга оширилганини мухбиримиз хабар қилди, Афғонистон кучлари зенит ўқлари билан жавоб қайтарган.
«Сабримиз косаси тўлди. Энди бу бизнинг орамиздаги очиқ уруш», — деб ёзди Покистон мудофаа вазири Хўжа Осиф X тармоғида.
Покистон бу амалиётни «Ғазаб лил Ҳақ» деб атади («ҳақ йўлидаги ғазаб»).
Афғонистоннинг қайси ҳудудларига Покистон зарба берди?
Покистон ахборот вазири Атоулло Тарор X тармоғида «Толибон мудофаа нишонлари» Кобулда, жануби-шарқдаги Пактия вилоятида ва жанубдаги Қандаҳорда нишонга олинганини ёзди. Шу билан бирга, мудофаа вазири Хўжа Осиф Толибон ҳукуматига қарши ўзи «очиқ уруш» деб атаган ҳолатни эълон қилди. Афғонистон ҳукумати матбуот котиби Мужоҳид ҳам X даги баёнотида айнан шу уч вилоятга зарба берилганини тасдиқлади.
Оммавий ахборот воситаларига гапириш ваколати бўлмагани учун исми ошкор этилмаслик шарти билан икки нафар юқори лавозимли покистонлик хавфсизлик амалдорига таяниб "Associated Press" агентлигига хабар беришича, ҳужумлар Афғонистондаги икки бригада базасини вайрон қилган.
Покистон давлат телеканали эса ўз хабарида мамлакат кучлари бир неча соат ичида Толибонга тегишли бир қанча жойларни «йўқ қилганини» даъво қилди. Телеканал маълумотига кўра, Афғонистонда нишонга олинган жойлар қаторига Қандаҳордаги Толибон бригадаси штаби ва ўқ-дори омбори, шунингдек Валихон секторидаги, Шавол сектори яқинидаги, Бажавр секторидаги ва Ангур Ададдаги Толибон маконлари кирган. Покистон Ахборот вазирлиги Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги бир нечта туман — Читрол, Хайбар, Муҳманд, Куррам ва Бажаврда ҳам Толибон кучлари нишонга олинаётганини билдирди.
Жума куни кечроқ Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муҳим Торҳам чегара ўтиш пункти яқинида ўқ отиш ва артиллерия ўқлари овози эшитилгани ҳақида хабарлар келди. Исломободдан хабар берган мухбиримиз Камол Ҳайдар ва "AFP" агентлиги маълумотига кўра, эрталаб ўтиш пункти яқинида портлашлар овози эшитилган. "AFP" хабарида афғонистонлик аскарлар чегара томон ҳаракатланаётгани айтилган.
Қўшнилар ўртасида октябр ойида бошланган жанглар сабаб қуруқликдаги чегара асосан ёпилган бўлса-да, Торҳам ўтиш пункти Покистондан оммавий равишда қайтиб келаётган афғонистонликлар учун очиқ қолмоқда.
Қурбонлар ҳақида нималар маълум?
Ҳар икки томон берган маълумотлар бир-бирига зид.
Покистон бош вазири матбуот котиби Мушарраф Зайди жума куни эрталаб X да ёзишича, тонгдаги ҳужумда Толибон кучларидан 133 нафар ҳалок бўлган ва 200 дан ортиғи яраланган. Унинг қўшимча қилишича, 27 та Толибон пости йўқ қилинган, тўққизтаси эса эгаллаб олинган. Шунингдек, «80 дан ортиқ танк, артиллерия қуроллари ва зирҳли транспорт воситалари йўқ қилинган».
Покистоннинг "Dawn" нашри давом этаётган тўқнашувларда икки нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилди. "Al Jazeera" Покистон томони эълон қилган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади. Толибон ҳукумати эса фақат саккиз нафар жангариси ҳалок бўлгани ва 11 нафари яраланганини билдирди.
Афғонистон томонининг маълум қилишича, унинг қуролли кучлари жума куни эрталаб чегарадаги покистонлик ҳарбий базалар ва постларга ҳужумларни амалга оширган, бу Покистоннинг Афғонистон чегараси орқали ўтган якшанба куни зарбаларига қарши эҳтиёж сифатида қилинган. Афғонистон кучлари 55 нафар покистонлик аскар ҳалок қилинганини ва икки ҳарбий база ҳамда 19 ҳарбий пост эгаллаб олинганини иддао қилди. Покистон бу даъвони рад этди.
Ўз навбатида, Покистоннинг эълон қилишича, ўтган якшанба куни ҳаво зарбалари натижасида камида 70 нафар «жангарилар» ўлдирилган, аммо бу даъво Мужоҳид томонидан рад қилинган, дея хабар қилади оммавий ахборот воситалари. Мужоҳид X да ёзганидек, ҳужумлар «оналар ва болалар ҳамда кўплаб одамларни ҳалок қилган ва яралаган».
Афғонистон Қизил Яримой Жамғармасининг Нангарҳор вилоятидаги раҳбари Мавлави Фазл Раҳмон Файёзнинг хабар беришича, якшанба куни 18 киши ҳалок бўлган ва бир нечта одам яраланган. Раҳбарлик лавозими йўқ бўлса-да, сиёсий таъсири кучли бўлган собиқ Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакат «севимли ватани учун ҳар ҳолатда тўлиқ бирлик билан ҳимоя қилади ва зўравонликка жасорат билан жавоб қайтаради», деди. У жума куни X даги баёнотида қуйидагича ёзди: «Покистон ўзини зўравонлик ва бомбардимонлардан қутқара олмайди — бу муаммоларни ўзи яратди — аммо ўз сиёсатини ўзгартириши ва Афғонистон билан яхши қўшничилик, ҳурмат ва маданиятли муносабат йўлини танлаши керак».
Нима учун Покистон ва Афғонистон урушмоқда?
Икки давлат ўртасидаги ҳозирги зўравонлик портлаши бир неча ойлик тарангликнинг оқибати ҳисобланади.
2025 йил октябр ойида, Афғонистон ва Покистон Қатар ва Туркия воситачилигидаги музокаралардан сўнг чегарада бир ҳафта давом этган қаттиқ ва ҳалокатли тўқнашувлардан кейин дарҳол тинчлик келишувига эришди.
Афғонистон ва Покистон чегараси «Дуранд чизиғи» деб аталади ва 2,611 км узунликка эга. Афғонистон бу чегарани расман тан олмайди ва уни мустамлака даврида босиб олинган, паштун қавми ҳудудлари4 икки давлат орасида нотўғри бўлинган, деб ҳисоблайди.
Қўшнилар Толибон 2021 йилда ҳокимиятни қўлга олганидан бери кўплаб тўқнашувларга юз тутган. Жанубий ва Марказий Осиё хавфсизлиги ва стратегик масалалари бўйича мутахассис Сами Омарининг айтишича, 2021 йилдан бери Афғонистон ва Покистон кучлари ўртасида 75 та тўқнашув рўй берган — айнан ўша йил АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан чиқарилган эди.
Хусусан, Покистон Толибондан Афғонистонда яширинган, деб даъво қилинаётган Покистон Толибони (Таҳрики Толибони Покистон) каби қуролли гуруҳларни назорат қилишига умид қилмоқда. ТТП 2007 йилда Покистонда пайдо бўлган ва Афғонистон Толибонидан алоҳида бўлса-да, улар билан чуқур мафкуравий, ижтимоий ва лингвистик алоқаларга эга.
Сўнгги йилларда ТТП ва бой табиий захираларига эга Баложистон вилоятида фаолият юритаётган Баложистон Озодлик Армияси томонидан Покистонда қуролли ҳужумлар кескин ортиб кетди. Афғонистон билан чегарадаги Хайбар-Пахтунхва ва Баложистон ҳудудлари зўравонликнинг энг оғир оқибатларини кўрди.
Жума куни Покистоннинг собиқ молия вазири Мифтаҳ Исмоил X тармоғида қуйидагини ёзди,
«Мамлакатнинг Афғонистоннинг фахрли ва камбағал фуқароларига қарши ҳеч қандай даъвоси йўқ. Лекин, Покистонни бу можарога мажбур қилган Толибон бўлди. Чегаранинг ҳар икки томонидаги бегуноҳ фуқаролар учун, Толибон Покистонга ҳужум ва террорини тўхтатишидан умид қиламан».
Таҳлилчилар эса Афғонистоннинг қуролли гуруҳларга қарши чора кўриши эҳтимоли камлигини айтишмоқда. АҚШда жойлашган мустақил ва бетараф можаро мониторинги "ACLED"-нинг Жанубий Осиё бўйича катта таҳлилчиси Перл Пандянинг маълум қилишича:
«Афғонистон Толибонлари ТТПга жиддий зарба беришга тайёр эмасдек кўринади, бу қисман икки гуруҳ ўртасидаги илгариги яқинликлар ва қисман ТТП жангарилари унинг асосий рақиби — Исломий Давлат Хуросон Вилоятига қўшилишидан қўрқиш билан боғлиқ».
Пандя қўшимча қилишича, агар Афғонистон Толибонлари ТТПга қарши қатъий чора кўрмаса, жиддий кескинлашув «муқаррар» бўлади.
Вашингтонда жойлашган "Stimson Center" фикр марказининг Жанубий Осиё дастури директори Элизабет Трелкелднинг Покистон томонидан амалга оширилган «янада тажовузкор, бевосита зарбалари»ни қайд этиб "Al Jazeera"-га маълум қилишича, сўнгги тўқнашувлар ҳайратланарли эмас, чунки улар Покистон ва Афғонистон ўртасида бир неча ойдан бери «зич» бўлиб келаётган тарангликдан келиб чиққан:
«Бу маълум даражада аҳамиятли, чунки у эҳтимол стратегиядаги ўзгаришни англатади. Лекин, шундан бери Покистон ичида анча жиддий бўлган бир нечта террористик ҳужумларни кўрдик. Шунинг учун, бу каби йиғилиб борган ҳужумлардан кейин кескинлик сусаймай, яна шу йўналишга бурилганидан ҳайрон эмасман, афсуски.»
Икки мамлакат ўртасида қуролли уруш Афғонистон фойдасига бўлмайди, чунки мамлакат Покистонга тўғридан-тўғри қарши туриш учун етарли жиҳозланмаган. Сингапурдаги "S Rajaratnam School of International Studies" мутахассиси Абдул Баситнинг фикрича, Афғонистон Толибонларининг ҳарбий кучларини Покистонники билан таққослаш мумкин эмас, шунинг учун улар анъанавий бўлмаган ҳужум усулларидан фойдаланмоқда:
«Уларда ўзини ўлдиришга тайёрланган жангарилар ва худкуш дронлари бор, ва менимча, уларни катта ҳажмда ишлатишади.»
Бундан ташқари, "Al Jazeera" мухбири Камол Ҳайдарнинг хабар беришича:
«Афғонистонликларда ҳаво кучлари йўқ, шунинг учун покистонликлар чегара орқали ҳужумда устунликка эга. Улар Кобул, Қандаҳор ва бошқа жойларга зарба беришди. Уларнинг асосий нишонлари ўқ-дори омборлари ва ҳарбий инфратузилма эканини айтишади. Покистон аскарларининг чегарани кесиб ўтиши эҳтимоли жуда кам. Лекин, ҳар икки томон оғир артиллериядан фойдаланган ҳолда чегарада ўқ алмашинуви давом этиши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди».
Дунё қандай муносабат билдирди?
«Ҳиндистон Покистоннинг Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбалари уюштирганини, жумладан Рамазон ойи давомида аёллар ва болаларнинг қурбон бўлганини қатъий қоралайди. Бу Покистоннинг ички муаммоларини ташқи томонга чиқаришга бўлган яна бир уринишидир», — деди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рандхир Жайсвал.
«БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш икки томонни халқаро қонунларга риоя қилишга чақирди», — деб хабар берди унинг матбуот котиби Стефан Дужаррик.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Афғонистон ва Покистонни ўз тафовутларини мулоқот ва яхши қўшничилик тамойиллари орқали ҳал қилишга чақирди:
«Баракали Рамазон — ўз-ўзини назорат қилиш ва мусулмон оламида иттифоқни мустаҳкамлаш ойида, Афғонистон ва Покистон мавжуд келишмовчиликларни яхши қўшничилик доирасида ва мулоқот йўли билан ҳал қилиши лозим», — деб ёзди у X тармоғида.
«Россия жанг олиб бораётган тарафларни дарҳол чегара оши ҳужумларини тўхтатиш ва кескинликни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди», — деб хабар берди "РИА" ахборот агентлиги жума куни Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.



Comments
Post a Comment
Comments