АҚШ-Эрон уруши нефт нархини 100 доллар/баррелдан юқорига кўтарадими?
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари ҳамда Теҳроннинг жавоб зарбалари ортидан нефт бозори кескин нарх ошишига ҳозирланмоқда. Эроннинг йирик ишлаб чиқарувчи сифатидаги ўрни муҳим, аммо унинг стратегик жойлашуви иқтисодчиларни жиддий хавотирга солаётир.
![]() |
| Дунёдаги энг муҳим «бўғоз йўлаги» деб ҳисобланадиган Ҳурмуз бўғози Эрон билан тўқнашув фонида диққат марказида |
Эроннинг жаҳон нефт ишлаб чиқаришининг атиги 3–4 фоизига тўғри келса-да, дунёдаги энг муҳим «бўғоз йўлаги» деб ҳисобланадиган Ҳурмуз бўғозига яқин жойлашгани нефт таҳлилчиларини келгуси нархлар бўйича башоратларини оширишга ундамоқда. Дунё нефт ишлаб чиқаришининг бешдан бири ташиладиган ушбу бўғозда ҳаракат узоқ муддатга издан чиқса, нефт нархи баррели 100 доллардан ошиб кетиши мумкин. Бу эса, жаҳон иқтисодиётига зарба беради ва аллақачон жиловлаш қийин бўлаётган нархларни янада оширади.
Brent маркали нефт душанба куни (2 март) — АҚШ ва Исроил зарбаларидан кейинги биринчи савдо куни — 13 фоизгача қимматлади. Кейинчалик ўсишининг бир қисмини йўқотиб, баррели тахминан 77 доллар атрофида савдо қилинди. Савдогарлар эътибори Ҳурмуз бўғозига қаратилди: дам олиш кунлари Эрон учта нефт танкерига ҳужум қилганидан сўнг, бу ерда тижорий қатнов деярли тўхтаб қолди. Эрон дронлари нишонига айлангач, Саудия Арабистони душанба куни энг йирик ички нефтни қайта ишлаш заводини ёпди. Ҳужумлар тўлқини Яқин Шарқ бўйлаб нефт ва газ иншоотларининг ёпилишига ҳам олиб келди.
Урушдан олдин ҳам, нефтга бой ҳудуддаги савдогарлар Эронга эҳтимолий ҳарбий зарбалар оқибатларидан хавотирда бўлгани сабабли, нефт нархлари бир неча ойлик энг юқори даражага кўтарилган эди. Нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан иборат OPEC+ гуруҳи бозорларни тинчлантириш мақсадида, якшанба куни апрелдан бошлаб ишлаб чиқаришни оширишга келишиб олди.
«Агар можаро узоқ давом этса ва айниқса ҳақиқий нефт таъминотига таъсир қилса — масалан, Эрон таъминотидаги узилишлар ёки Эроннинг Ҳурмуз бўғозини тўсишга уринишлари туфайли — нефт нархлари кескин ошиб, эҳтимол баррели 100 доллар атрофига чиқиши мумкин», — деди «Capital Economics» компаниясининг ривожланаётган бозорлар бўйича бош иқтисодчиси Уилям Жексон мижозларга йўллаган изоҳида.
Эрон қанча нефт ишлаб чиқаради?
Эрон кунига тахминан 3,3 миллион баррел нефт ишлаб чиқаради, бу уни OPECдаги тўртинчи йирик ишлаб чиқарувчига айлантиради. Шунингдек, у дунёдаги энг йирик табиий газ ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.
АҚШнинг Энергетика ахбороти маъмурияти (EIA) маълумотига кўра, мамлакат дунёдаги энг катта нефт захираларидан айримларига эга: Яқин Шарқ захираларининг қарийб чорак қисми ва жаҳон бўйича 12 фоизи Эрон ҳиссасига тўғри келади. Аммо, кўп йиллик кам сармоя киритилиши ва халқаро санкциялар сабаб, ишлаб чиқариш чекланган ҳолда қолмоқда. Эрон Ғарб санкцияларини айланиб ўтиш йўлларини топган ва ҳозир экспорт қилинаётган нефтининг 90 фоизини Хитойга сотмоқда. Аслида, Хитой талабининг ортиши туфайли 2020 йилдан 2023 йилгача Эрон хом нефт ишлаб чиқаришини тахминан кунига 1 миллион баррелга оширди.
Эрон иқтисодиёти нефтга қарам кўплаб Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан анча диверсификация қилинган, аммо энергия экспорти давлат даромадининг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда. EIA башоратига кўра, 2023 йилда Эрон компаниялари соф нефт экспортитад тахминан 53 миллиард доллар даромад олган.
Хўш, нега Ҳурмуз бўғози диққат марказида?
Ҳурмуз бўғози Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайдиган йирик нефт ташиш йўли ҳисобланади. У Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Ироқ каби мамлакатларда ишлаб чиқарилиб, бутун дунёда истеъмол қилинадиган катта ҳажмдаги хом нефт ушбу бўғоз орқали ўтади. Эрон бир неча бор бўғозни ёпиш билан таҳдид қилган, аммо Теҳрон бунга ҳеч қачон амал қилмаган, чунки бу унинг ўз нефтини хорижга чиқаришига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган тезкор халқаро жавобни келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Давом этаётган уруш фонида Ҳурмуз бўғози орқали қатнов амалда тўхтаб қолди, чунки бир нечта нефт ташувчи компаниялар ва савдогарлар хавфсизлик сабаблари ва расмий огоҳлантиришлар туфайли ушбу сув йўли орқали энергетик юкларини жўнатишни тўхтатди. Бу эса, кунига 15 миллион баррел хом нефт — денгиз орқали ташиладиган жаҳон нефт савдосининг тахминан 30 фоизи — бозорларга етиб бормаслигига олиб келиши мумкин. «Rystad Energy» маълумотига кўра, ҳатто бўғозни айланиб ўтиш учун муқобил инфратузилма ишлатилган тақдирда ҳам, кунига 8–10 миллион баррел нефт таъминоти йўқотилиши кузатилади.
«Бўғоз куч билан ёпиладими ёки хавфдан қочиш сабаб амалда фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келадими — оқимларга таъсири деярли бир хил. Агар тез орада кескинликни пасайтириш белгилари кузатилмаса, ҳафта бошида нефт нархларининг сезиларли ошишини кутмоқдамиз», — деб ёзади «Rystad Energy» компаниясининг геосиёсий таҳлил бўйича раҳбари ва катта вице-президенти Хорхе Леон мижозларга юборган изоҳида.
![]() |
| Эрон Ғарб санкцияларини айланиб ўтишнинг самарали йўлини топган ва нефтини Осиёдаги харидорларга сотмоқда |
OPEC+ қандай жавоб қайтарди?
Саудия Арабистони етакчилигидаги Нефт Экспорт Қилувчи Мамлакатлар Ташкилоти (OPEC) ва Россияни ҳам ўз ичига олган яна бир нечта нефт ишлаб чиқарувчилар иттифоқидан иборат OPEC+ якшанба куни ишлаб чиқариш квоталарини кутилгандан кўра кўпроқ оширишини эълон қилди.
«Гуруҳ охир-оқибат дастлабки кутилган даражадан кўпроқ ишлаб чиқаришни оширди, аммо янада кескинроқ ўсишдан тийилди. Бу эса, яқин муддатли геосиёсий хатарларга жавоб бериш ва йил охирида ортиқча таъминот юзага келишининг олдини олиш ўртасида қанчалик нозик мувозанат сақланаётганини кўрсатади. Агар кўрфаз орқали оқимлар чекланса, қўшимча ишлаб чиқариш зудлик билан катта енгиллик бермайди. Бу ҳолда, экспорт йўлларига эга бўлиш ишлаб чиқариш ҳажми ҳақидаги расмий кўрсаткичлардан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади», — деди Леон.
Саудия Арабистони сўнгги ҳафталарда ўз хом нефт экспортини оширди, таҳлилчилар буни АҚШ ва Исроил зарбаларидан олдин қисқа муддатли захира яратишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади. «Bloomberg» томонидан танкерлар ҳаракатини кузатиш асосида тузилган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони февралнинг дастлабки 24 кунида кунига тахминан 7,3 миллион баррел нефт жўнатди — бу 2023 йил апрелидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, ўтган йил июн ойида, АҚШ Эроннинг ядровий нишонларига ҳужум қилган пайтда ҳам, Саудия нефт экспортни оширган эди.
«Bloomberg» маълумотига кўра, Эрон ҳам АҚШ билан музокаралар олдидан нефт экспортни кўпайтирди.
«Шунга қарамай, бундай захиралар табиатан чекланган бўлади ва узоқ муддатли тизимли узилишларни қоплаш учун эмас, балки қисқа муддатли зарбаларни юмшатиш учун мўлжалланган», — деди «Rystad Energy» мутахассиси.
Юқори нархлар жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?
Жаҳон иқтисодиётига таъсир кўп жиҳатдан нефт нархининг қанчалик юқорига кўтарилишига боғлиқ бўлади. Хом нефт иқтисодиётнинг муҳим унсури ҳисобланади, шунинг учун нархнинг ошиши бошқа товарлар нархларининг ҳам қимматлашишига олиб келади.
«Оддий қоидага кўра, нефт нархининг йиллик ҳисобда 5 фоизга ошиши йирик иқтисодиётларда ўртача инфляцияга тахминан 0,1 фоиз банди қўшади. Шунинг учун Brent (нефт нархлари бўйича асосий жаҳон эталони) баррели 100 долларга чиқса, жаҳон инфляциясига 0,6–0,7 фоиз банди қўшилиши мумкин», — деди Жексон.
Юқори инфляция истеъмолчилар ишончи ва харажатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Марказий банклар инфляцияни жиловлаш учун фоиз ставкаларини ошириши эҳтимоли мавжуд, бу эса иқтисодий ўсишни янада секинлаштиради.
Манба: Deutsche Welle.



Comments
Post a Comment
Comments