Эрон — Венесуэла эмас

Мутахассисларнинг фикрича, АҚШнинг Жанубий Америкадаги тажрибасини Ғарбга нисбатан чуқур ва узоқ йиллик душманликка эга мамлакатда такрорлаши жуда мушкул бўлади. 



Аввало, Марказий разведка бошқармаси (CIA) нефтга бой ва АҚШни танқид қилувчи давлат раҳбарини унинг пойтахти марказида, тоғлар билан ўралган ва қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳда кузатувга олади. Сўнг, ўша раҳбар ҳалокатли ва тўхтатиб бўлмас АҚШ ҳарбий қудратининг намойишкорона қўлланилиши орқали ҳокимиятдан четлатилади. Охирида эса, Вашингтон кўрсатмаларига бўйсунувчи мойилроқ ворис ҳокимиятга олиб келинади.

Бу — Доналд Трампнинг яқинда Венесуэлада амалга оширган «режимни қўлга олиш» стратегиясининг асосий сценарийси бўлди. Мамлакат президенти Николас Мадуро 3 январ куни тонг отишидан олдин Каракасда ўтказилган амалиёт давомида қўлга олинди. 

Махсус кучлар Мадурони ушлагандан кейин унинг вице-президенти Делси Родригес Трампнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳокимиятни қўлга олди. Шу тариқа, Жанубий Америкадаги узоқ йиллар давомида «янки империализми»-га қарши кескин баёнотлар билан танилган давлатда аввал тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада АҚШга яқинлашув даври бошланди. 

«Ҳамкорлик қилишга тайёрлиги учун президент Доналд Трампга миннатдорлик билдираман», — деб ёзди Родригес пайшанба куни X ижтимоий тармоғида.

Кузатувчилар фикрича, бу баёнот унинг сиёсий иттифоқчиси Мадуро ҳокимиятдан кетганидан кейин билдирилган энг очиқ ва ошкора миннатдорлик ифодаларидан бири бўлди.

Икки ой аввал Мадуро ҳокимиятдан четлатилганидан кейин Доналд Трамп энди «режимни қўлга олиш» моделини Эронда ҳам такрорлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу фикр Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳронда унинг қароргоҳига қаратилган вайронакор Исроил–АҚШ қўшма амалиёти чоғида ҳалок бўлганидан кейин янада кучайди. 

«Мен унинг ворисини тайинлаш жараёнида иштирок этишим керак, Венесуэлада Делси билан бўлгани каби», — деди Трамп шу ҳафта АҚШнинг «Axios» ахборот сайтига берган интервюсида. 

«New York Times» нашрига берган суҳбатида эса шундай деди:

«Венесуэлада қилган ишларимиз, менимча, бу деярли мукаммал сценарий». 

«Wall Street Journal» нашрига гапирган Давлат департаменти расмийларидан бири Трампнинг бу ёндашувини шундай таърифлади: АҚШ қўшинларини тўғридан-тўғри жойлаштирмасдан, масофадан туриб режимнинг хатти-ҳаракатини «бошқармоқ». Унинг айтишича, бу стратегия шартли равишда «бошни кесиш ва ваколатни топшириш» деб аталиши мумкин. 

Шу билан бирга, Жанубий Америка ва Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассислар Каракасда амалга ошган сценарий Теҳронда, 11 000 км узоқлиуда ҳам иш бериши мумкинлигига жиддий шубҳа билан қарамоқда. Уларнинг фикрича, икки мамлакатнинг сиёсий тизими, тарихий тажрибаси ва ташқи таъсирга муносабати кескин фарқ қилади. 

«Эронни ташқи таъсирга осон бўйсинадиган қўғирчоқ режимга айлантириш Венесуэлага нисбатан анча мушкул. Чунки Венесуэлада, ҳатто Мадуро даврида ҳам, ҳукумат маълум даражада АҚШ билан ҳамкорлик қилишга мойил эди. Зеро, Вашингтон бу мамлакатнинг тарихий энергетика ҳамкори ва минтақадаги асосий сиёсий ўйинчилардан бири ҳисобланади», — деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида Жанубий Америка бўйича собиқ раҳбар, ҳозирда «Stimson» марказининг Лотин Америкаси дастури раҳбари Бенжамин Гедан. 

Унинг қўшимча қилишича, Венесуэладаги воқеалардан кейин АҚШ дунёнинг турли нуқталарида аралашиб, учоқ ташувчи қайси соҳилга келиб тўхтаса, ўша ерда Делси Родригесга ўхшаш шахсни ҳокимиятга олиб келиши мумкин, деган тасаввур амалда жиддий асосга эга эмас:
«Бу — анча соддалаштирилган ва ҳатто кулгили фикр», — деди у. 

Эрон бўйича мутахассисларнинг фикрича, Трампнинг мамлакатнинг кейинги раҳбарини танлаш жараёнида иштирок этиш ҳақидаги талаби Эрондаги ҳокимият тизимида қолган амалдорлар томонидан дарҳол рад этилиши эҳтимоли катта. Чунки, бу талаб мамлакатнинг ички сиёсатига очиқдан-очиқ аралашув сифатида баҳоланиши мумкин. Эрон жамиятида ташқи кучлар — жумладан Британия, Россия ва АҚШ томонидан амалга оширилган аралашувларга боғлиқ оғир ва аччиқ хотиралар сақланиб қолган.

Маълум даражада, 1979 йилги инқилоб — мамлакатда исломий тузум ҳокимиятга келишига олиб келган сиёсий ўзгаришлар ҳам, ана шу ташқи таъсирларга қарши миллий норозилик туйғулари билан озиқланган эди. Ўша даврда ҳукмронлик қилган, Ғарбга яқин сиёсат юритган шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий, жамоатчилик орасида кўп ҳолларда АҚШнинг «қўғирчоқ» раҳбари сифатида қабул қилинган.

Инқилоб давридаги «Марг бар Амрико» («Америкага ўлим») шиори орқали ифода этилган Америкага қарши кайфият, Эрон исломий режими мафкурасининг марказий унсурларидан бири бўлиб келмоқда. Инқилобнинг маънавий асосчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний АҚШни «буюк шайтон» деб атаганидан бери, бу ғоя сиёсий риториканинг муҳим қисмига айланган. Теҳрон ва бошқа Эрон шаҳарларида АҚШга қарши шиорлар ва деворий расмлар кенг тарқалгани ҳам ана шу кайфиятни акс эттиради. 

Шу нуқтаи назардан, Трампнинг Эроннинг кейинги раҳбарини танлаш масаласида маслаҳатлашиш талабини қўйиши янада ҳақиқатдан йироқдек туюлади. Чунки, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 46 йилдан бери мавжуд эмас. Бу ҳолат Венесуэладан фарқ қилади: у ерда АҚШ билан дипломатик алоқалар 2019 йилгача сақланиб келган эди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги расмий алоқалар 1980 йилда узилган. Бу қарор АҚШ президенти Жимми Картер маъмурияти томонидан Теҳрондаги АҚШ элчихонасига инқилобчилар ҳужум қилиб, 52 нафар америкалик дипломатни гаровга олганидан кейин қабул қилинган эди.


Алекс Ватанка, Вашингтон шаҳридаги Яқин Шарқ институтининг Эрон дастури раҳбари, Трампнинг Эрон раҳбарини танлаш жараёнига аралашишга уринишини «ақлдан йироқ» деб атади ва Венесуэлага ўхшаш сценарийни амалга ошириш учун у амалий режага эгами, деган саволни қўйди.

«Мавжуд шиа жангариларини «MAGA» ҳаракатига айлантиришдан кўра, режим ўзгариши анча осонроқ бўлар эди. Аслида, у айнан шуни талаб қилмоқда», — деди Ватанка.

Унинг қўшимча қилишича, ташқи таъсир эҳтимоли бор, чунки «Хоманаийнинг ички доирасидан қолган» айрим шахслар хорижий жосуслик хизматлари билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
«Бироқ, барибир аниқ режа бўлиши керак», — деди у.

«Режим ичида ким билан ишлаш мумкинлигини аниқлашингиз керак. Сўнг, ўша гуруҳ билан биргаликда, ҳозир курашаётганларни ё қўшилишга кўндиришингиз ёки америкаликларга уларни йўқ қилишга ёрдам беришингиз керак. Шунда, кимдир энг юқори раҳбар сифатида юзага чиқиши ва Венесуэлада Родригес қилаётган ишни қилиши мумкин… Лекин, мен АҚШ ҳозир қилаётган ишларига қараб, уларда ушбу даражадаги фикрлаш мавжудлигини кўрмаяпман. Улар шундай қарор қабул қилиши ҳам мумкин: “Биз Хоманаийни ўлдирдик, энди ядровий қуроллар йўқ, ракета учириш қурилмалари йўқ қилинган”.»

Венесуэланинг муваққат Президенти Делси Родригес. Каракас, Венесуэла, 2026 йил 4 март


«Бу очиқ уруш. Бундай вазиятда режимда қолган ҳар қандай одам АҚШ билан ишлашга тайёр эканини айтишни янада қийин деб билади… У эртаси куни ўрнидан қайта уйғонмаслиги мумкин».

Халқаро бӯҳронларни ўрганиш таҳлил марказининг катта Эрон таҳлилчиси Найсан Рафатига кўра, АҚШ ва режим ичида тирик қолган айрим шахслар барқарорлик сақланишига умумий манфаатга эга бўлиши мумкин. Бироқ, у бундай йўл Эрон аҳолисининг катта қисми норозилигини кучайтириши хавфи борлигини таъкидлади, чунки улар яқиндаги намойишлар қонли тарзда бостирилганидан кейин ҳалигача ғазабда ва бу жараён минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган.

«Ҳатто, агар тизимнинг мафкуравий тарафдорлари камаяётган бўлса ҳам, бирлашмасалар — бу улар учун охирги ўйин бўлишини эҳтимол ҳис қилишмоқда. Шу боис, уларнинг ҳаракатлари поезд вагонлари каби бирлашиши мумкин. Вашингтон учун энг мақбул натижа — барқарорлик доирасида ўзгаришни таъминлаш, АҚШ шартларида Эрон тизимининг муҳим қисмини тезда тузишга қодир шерик топиш. Бироқ, бу интилиш икки муаммога дуч келади: режим ичида ўзгаришни қабул қилиш учун етарли овоз топиш ва кўплаб эронликларни барқарорликдан норози қолдириш», — қўшиб қўйди Рафати.

Мутахассисларнинг фикрича, Эроннинг кейинги раҳбари ҳақидаги ҳақиқий қарор қудратли Ислом Инқилобий Қўшинларига тегишли бўлиб, улар Эроннинг ҳарбий сиёсатини ҳамда иқтисодиётнинг катта қисмини назорат қилади. Жанубий Америка мутахассислари фикрича, Трампнинг «Делси модели»-ни такрорлашга бўлган аниқ истаги унинг Вашингтоннинг Мадуронинг авторитар режимининг қолдиқларини муваффақиятли ўзлаштиришига бўлган жасоратини акс эттиради.

Таҳлилчи Бенжамин Гедан фикрича, бу вазият Доналд Трамп учун муайян сиёсий ютуқ сифатида кўрилиши мумкин. Унинг таъкидлашича, амалиёт давомида АҚШ ҳарбийлари на учоқ, на техника йўқотган ва америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ҳам қурбонлар бўлмаган. Шу билан бирга, аввал Вашингтонга нисбатан муросасиз деб тасвирланган ҳукумат энди анча мослашувчан позиция намоён этаётгани қайд этилмоқда. Бундан ташқари, катта табиий ресурсларга эга мамлакат энди Трамп нуқтаи назаридан АҚШ учун янги имкониятлар майдонига айланган. 

Бироқ, собиқ Оқ уй маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, Эрон Венесуэлага нисбатан анча узоқ жойлашган ва ҳарбий жиҳатдан кучлироқ давлат ҳисобланади. Шу сабабли, Трампнинг бу стратегияси Жанубий Америкада ҳақиқатан ҳам самара бердими ёки йўқми — бу ҳақда хулоса чиқариш учун ҳозирча жуда эрта.

«Агар бир йилдан кейин ҳам АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Кариб денгизида ҳалигача жойлашмаган бўлса, венесуэлаликлар аста-секин ўзларини бироз эркинроқ ҳис қила бошлаши мумкин. Улар яна маълум даражада нафас ростлаш имконияти ва мустақиллик туйғусига эга бўлишлари эҳтимол», — деб башорат қилди Гедан.

Таҳлилчи фикрича, Яқин Шарқдаги можароларнинг кучайиши ҳам Мадуродан кейин ҳокимиятни қўлга олган сиёсий гуруҳлар учун муайян даражада фойдали бўлиши мумкин. Чунки, улар Трамп маъмурияти даври тугашини кутиш ва шу орқали мамлакатда 27 йил давом этган сиёсий бошқарув тизимини сақлаб қолишга уриниши мумкин.

«Уларнинг режаси абадий қўғирчоқ ҳукумат бўлиб қолиш эмас», — деди Гедан. «Улар АҚШ эътибори бошқа масалаларга кўчиб кетишига умид қилмоқда».


Манба: The Guardian.

Comments