Хитой Марказий Осиёда кенг кўламли тарғибот ишларини бошлаб юборди
Хитой Марказий Осиё бўйлаб кенг қамровли ахборот тарғиботини йўлга қўйди. Ушбу кампанияда Пекин ўзига нисбатан хайрихоҳ савдо ҳамкори сифатида ижобий таассурот шакллантиришга интилар экан, АҚШ ва Европа Иттифоқи минтақада беқарорлик келтириб чиқарувчи кучлар сифатида тасвирланади. Хитой элчихоналари минтақанинг турли давлатларида Пекин томонидан тайёрланган материалларни босма ва эфир ОАВларининг кенг доирасида жойлаштиряпти. Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонаси тарқатган баёнотда, Марказий Осиё аудиторияси учун асосий ғоя сифатида Хитойнинг «яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш» ва ўзаро манфаатли савдо муносабатларини ривожлантириш йўлидаги «кенг қамровли меҳр-муҳаббати» таъкидланган. Шу билан бирга, ушбу баёнотда билвосита таҳдид оҳанги ҳам сезилади: агар Марказий Осиё давлатлари Ғарб билан савдо алоқаларини сезиларли даражада кенгайтиришга қаратилган қадамлар ташласа, Пекин бунга бефарқ қараб турмаслиги ишора қилинади. Хусусан, минтақани «Совуқ уруш тафаккури»дан воз кечишга чақириш орқали, Хитой Коммунистик партиясининг АҚШдаги Трамп маъмуриятига нисбатан ишлатадиган сиёсий белги ифодаси кўринади.
Баёнотда қуйидаги фикр ҳам келтирилади: «Хитойда бир мақол бор: "яқин қўшни узоқ қариндошдан афзал", ўз остонасида тинчлик мавжуд бўлгандагина ишончли тараққиётга эришиш мумкин». Шунингдек, Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати «Глобал Жануб»нинг табиий аъзолари ва замонавийлаштириш йўлидаги ҳамсафарлар экани таъкидланади.
Қозоғистондаги ўнлаб онлайн нашрларда, жумладан мамлакатда энг кўп ўқиладиган ахборот сайти ҳисобланмиш «Tengrinews»да жойлаштирилган мақолалар икки томонлама иқтисодий ва илмий ҳамкорликнинг афзалликларини тарғиб қилади.
Ўзбекистонда Хитой элчихонаси шунга ўхшаш мазмундаги материалларни мамлакатдаги энг оммабоп Ўзбекистон 24 телеканали ҳамда давлат хизматчилари ва расмий сиёсатни кузатувчилар учун муҳим манба ҳисобланган «Халқ сўзи» газетасида эълон қилган. Қирғизистонда эса, Хитой элчихонаси йирик нашрлардан бири — «Вечерний Бишкек»ни танлади: мазкур нашрда, элчи билан ўтказилган суҳбат кейинчалик бир неча бор қайта чоп этилди.
Медиа тарғибот доирасида, «Хитойнинг ютуқларини дунёга танитиш ва замонавий Хитой образини илгари суриш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўйган тузилма — «ACCWS» ташкилоти, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Покистонда Хитой сиёсати ва таъсирига оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровномаларни молиялаштирди. Табиийки, «ACCWS»нинг покистонлик ҳамкори тайёрлаган таҳлилда Марказий Осиё аҳолиси Хитойни, асосан, ижобий қабул қилиши ва Пекин минтақанинг иқтисодий ривожланишига «чуқур ижобий таъсир» кўрсатгани ҳақидаги натижалар алоҳида урғу билан қайд этилган.
Бироқ, «ACCWS» сўровномаларидаги рақамларни чуқурроқ таҳлил қилиш бобида, жамоатчилик муносабати Пекин истагандек бир хил эмаслиги келиб чиқади. Масалан, таҳлилда жавоб берувчиларнинг мутлақ кўпчилиги «Хитой корхоналари маҳаллий иш ҳақи даражасининг ошишига ҳисса қўшяпти», «Хитойнинг технологик инновациялар орқали иқтисодий ўсишни рағбатлантириш модели барқарор», ҳамда Хитой етакчилигидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти «минтақанинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтиради», деган фикрларга қўшилгани таъкидланади. Аммо, ушбу даъволарни тасдиқлаш учун тақдим этилган диаграммаларда рози бўлганлар ва қарши чиққанлар улуши тахминан тенг — ҳар икки томон ҳам 40 фоиз атрофида экани кўринади. Ҳар уч ҳолатда ҳам, сўровда қатнашганларнинг тахминан 20 фоизи «бетараф» жавоб берган, яъни улар мазкур фикрларни на қўллаб-қувватлаган, на очиқ рад этган.
Маданий жиҳатдан, одоб-ахлоқ ва муомалага катта аҳамият бериладиган Марказий Осиёда очиқча қаршилик кўрсатишга кўпинча андиша қилинади. Айниқса, маҳаллий ҳукуматларнинг Хитойга нисбатан сиёсатини танқид қилиш айрим ҳолларда хавфли бўлиши мумкин. Шу сабабли, фикрларга қўшилмаган кўплаб жавоб берувчилар очиқча қарши чиқиш ўрнига, мулойимроқ ва хавфсизроқ «бетараф» жавобни танлаган бўлиши эҳтимоли жуда юқори.
Шу тариқа, Хитой минтақада аҳолининг катта қисми ўз сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини даъво қилса-да, амалда вазият бошқачароқ бўлиши мумкин ва Марказий Осиёда Хитой таъсирига шубҳа билан қарайдиган ёки унга қарши бўлган фуқаролар сони уни қўллаб-қувватловчилар сонидан кам эмасдек туюлади.
Қозоғистон
Хитой–Қозоғистон чегарасида жойлашган Хоргос Халқаро ҳамкорлик маркази орқали шахсларнинг чегарадан ўтиши 2025 йилда рекорд даражага — 10 миллион нафарга етди. Бу кўрсаткич йиллик ҳисобда тахминан 33 фоизга ошган. Бу ҳақда Хитой божхона статистикасига таяниб, расмий «Синхуа» ахборот агентлиги хабар берди.
Хитой ва Қозоғистон расмийлари Ғарбий Хитойдаги Шинжон Уйғур мухтор тумани пойтахти Урумчи шаҳрида музокаралар ўтказди. «DKNews»нинг хабарига кўра, учрашувда Хитой Халқ Республикаси чегара ҳудудларида доимий ёки вақтинча яшаб турган Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган. Музокаралар натижалари ҳақида расмий маълумот берилмаган, лекин музокараларнинг ўзи ўтказилгани мазкур йўналишда муайян муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
«Guangzhou Radio and Television» телерадиокомпанияси Қозоғистонда «Ипак йўлида дўстлашиш» (Make Friends in the Silk Road) номли халқаро сайёҳлик лойиҳаси учун суратга олиш ишларини бошлади. Қозоғистон Туризм маълум қилишича, ушбу лойиҳа икки давлат ўртасида сайёҳлик ҳамда маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
Яқин орада Қозоғистонда экологик мониторинг ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган илк юқори технологияли корхона иш бошлайди. «Astana.kz» тарқатган маълумотга кўра, Хитойнинг йирик технология компанияси Lihe Technology, лаборатория қуриш ва ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режасини эълон қилган.
Аммо, Хитой томонидан тарғиб қилинаётган «ўзаро манфаатли савдога қаратилган кўп қамровли меҳр» Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан амалда тўлиқ қўлланилаётгандек кўринмайди. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари Хитой элчихонаси расмийлари билан учрашиб, қозоқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Хитой бозорига кириш имкониятларини кенгайтириш масаласини кўтарган. Бироқ, Хитой томони «музокараларни давом эттириш»дан бўлак аниқ мажбурият олишдан бош тортган. Маълумки, Хитой узоқ йиллар давомида божхона тарифлари орқали Қозоғистондан буғдой ва бошқа қатор маҳсулотлар экспортини чеклаб келади.
Қирғизистон
2025 йилнинг дастлабки 10 ойи давомида Қирғизистон Хитойдан цитрус мевалари импортини 53 фоизга оширган, ёнғоқ-мағиз маҳсулотлари импорти эса 25 фоизга қисқарган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика агентлиги маълумотларига таяниб, «Tazabek.kg» маълум қилади. Шунингдек, 2025 йил охирида Қирғизистон Хитой Халқ Республикасига илк бор қуритилган ўрик жўнатди. «24.Kg» Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигига таяниб ёзишича, бу қадам мамлакат қишлоқ хўжалиги экспорти турларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тожикистон
Хитой Миллий нефт компанияси (CNPC) Тожикистоннинг Хатлон вилоятида энергетик ресурслар қидирувини олиб бормоқда. «Avesta» ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, дастлабки изланишлар ижобий натижа берганидан сўнг, компания вилоят ҳудудида нефт ва газни аниқлаш мақсадида 3D сейсмик разведка ишларини ўтказишни режалаштириётир.
Шу билан бирга, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрини Хитой билан боғлайдиган автойўл қурилиши вақтинча тўхтатилган. «RFE/RL» маълум қилишича, ноябр ойида Афғонистон томонидан амалга оширилган ҳужумлардан сўнг, лойиҳада иштирок этаётган хитойлик ишчилар Тожикистоннинг чегара ҳудудларидан олиб чиқилган.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Тожикистон Хитойдан Европа томон йўналтирилган тажриба тариқасидаги кўпмодал транспорт йўлагини ишга туширишни режалаштиряпти. «Avesta» Тожикистон Транспорт вазирлигига таяниб ёзишича, мазкур йўлак Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали ўтади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан Хитойга йўл оладиган, тўлиқ юкланган 10 та юк машинасидан иборат автоқатор Тожикистон ҳудуди орқали ҳаракатланади.
Туркманистон
Чўлланишга қарши курашиш мақсадида Туркманистон Миллий чўллар, флора ва фауна институти мутахассислари ҳамда Хитой Фанлар академиясининг Шинжон Экология ва география институти ўртасида илмий ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда «Turkmenistan News Portal» хабар берди.
Ўзбекистон
Хитой Ўзбекистон учун энг йирик ташқи инвестор бўлиб қолмоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда амалга оширилган жами 43,1 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги инвестицияларнинг 15,5 миллиард доллари Пекин ҳиссасига тўғри келган. Ушбу кўрсаткичлар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда халқаро тараққиёт ёрдамини ўз ичига олади. Россия 4,8 миллиард доллар билан анча орқада қолиб, иккинчи ўринни эгаллаган.
«Startup Base» ҳамда «Ўзбекистон IT Park»и билдиришича, «Шанхайда жойлашган ва Хитой инновацияларини Марказий Евроосиёда жадал ривожланаётган технологик саноат билан уйғунлаштирувчи экотизим» сифатида таърифланадиган «Khan Tengri Innovation Hub» минтақадаги стартаплар учун Хитой бозорига чиқишни мақсад қилган онлайн тақдимот сессиялари туркумини бошлади. Ташаббус Гонконг ва қитъавий Хитойдаги ташаббусли сармоя жамғармалари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва 2026 йилда давом этади. Шунингдек, «Khan Tengri» яқинда Ўзбекистондаги етакчи стартап маркази — «IT Park» ҳамда Хитойнинг йирик стартап ҳабларидан бири ҳисобланган «GUi» ўртасида учрашув ташкил этди.
«Review.uz» хабарига кўра, Олмалиқ давлат техника институти ҳамда Хитойнинг тоғ-кон ва қурилиш материаллари соҳасидаги йирик компанияси — «Conch Cement» ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳужжат ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотларни қамраб олади. Шу билан бирга, келишув кончилик соҳасидаги эҳтимолий қўшма лойиҳалар учун ҳуқуқий асос яратади.
Тошкентдаги Пиза университети филиали, Хитойнинг Халқаро бизнес ва иқтисод университети ҳамда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ бизнес бошқаруви ва халқаро савдо йўналишида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Кончилик саноати ва геология вазирлиги маълум қилди.
Шу билан бирга, электр энергиясини тақсимлаш соҳасида мамлакатдаги монопол оператор ҳисобланган «Ҳудудий электр тармоқлари» Хитойдан 400 дона тўрт ўринли электр мини-юк автомобилларини харид қилди.
Манба: Eurasianet.






Comments
Post a Comment
Comments