Трампнинг «Тинчлик кенгаши» йиғилиши: қатнашувчилар, четда қолганлар ва кун тартиби

Осиё ва Яқин Шарқлик янги ҳамкорлар Вашингтонга йўл олмоқда, Европа эса масофани сақлашга уринаётир.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йил 22 январ, пайшанба куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми йиллик йиғилишида «Тинчлик кенгаши» низомини эълон қилиш маросимига келган давлат раҳбарларини кутиб оляпти.


АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Вашингтонда ўзи «Тинчлик кенгаши» деб атаётган тузилманинг илк йиғилишини ўтказади. Унда аъзо давлатлар вакиллари жамланиб, Фаластинннинг Ғазосини тиклаш бўйича стратегиялар ва молиялаштириш режалари эълон қилиниши кутиляпти. АҚШнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ушбу кенгашдан эҳтиёткорлик билан маълум масофани сақлаётган бир пайтда, айрим Яқин Шарқ давлатлари Вашингтондаги АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтадиган биринчи учрашувда иштирок этишга розилик билдирган.

Кенгашнинг «чексиз салоҳияти»-ни мақтар экан, унинг муддатсиз раиси бўлган Трамп ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги ёзувида шундай деди:
«Тинчлик кенгаши тарихдаги энг салоҳиятли халқаро тузилма эканини ҳали исботлайди».
Танқидчилар эса, кенгашнинг ваколатлари кенгайиб бораётганини Трампнинг «империалистик режаси» деб баҳоламоқда — кўплаб таҳлилчилар фикрича, у БМТга рақобатчи даражага чиқиши мумкин.

Трамп, шунингдек, Халқаро Жиноят Суди томонидан эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун қидирувга берилган Бинямин Нетаняҳу ва Россия президенти Владимир Путинга кенгашдан ўрин таклиф этгани учун ҳам танқидга учради. Ҳозирча фақат Нетаняҳу расман розилик билдирган, гарчи Ғазо Ижроия кенгашига Туркия ва Қатар расмийлари киритилгани унинг норозилигига сабаб бўлган бўлса ҳам.

Пайшанба куни Вашингтонга келадиган айрим қатнашувчилар учун масала фақат дипломатик аҳамият касб этмайди — босиб олинган Фаластин ҳудуди бўйича илк йиғилишда қабул қилинадиган қарорлар уларнинг ички сиёсатга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Шундай қилиб, ким келяпти, ким келмаяпти ва нималар кун тартибида турибди?

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йил 22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўттган Жаҳон иқтисодий форуми йиллик йиғилиши доирасида «Тинчлик кенгаши» маросимидаги иштирокидан лавҳа.


«Тинчлик кенгаши»-нинг биринчи йиғилиши кун тартибида нима бор?


Пайшанба куни бўлиб ўтадиган илк йиғилишнинг асосий эътибори — Исроилнинг АҚШ томонидан дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватланган ва қурол билан таъминланган, ҳали ҳам давом этаётган қирғинбарот уруши оқибатида катта қисми вайроналарга айланган Фаластинни тиклаш режасига қаратилган. Аъзо давлатлар томонидан «Ғазода гуманитар ёрдам ва тиклаш ишлари учун» ажратиладиган 5 миллиард доллар миқдоридаги маблағ эълон қилиниши кутилаётир.

Шунингдек, ўтган йили эълон қилинган ва Исроилнинг анклавдаги урушини тугатишга қаратилган Трамп маъмуриятининг 20 банддан иборат режасига мувофиқ, Ғазода тартибни таъминлайдиган «Халқаро барқарорлаштирувчи куч» ҳақида ҳам қўшимча маълумотлар тақдим этилиши кутилмоқда. Ушбу режада Ғазода босқичма-босқич ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ҳамда ўтиш даврида Фаластин ҳудудларини бошқариш учун технократик бошқарув тизимини жорий этиш таклиф қилинган.

«Тинчлик кенгаши» ўтган ой Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида расман тақдим этилди. Трампнинг куёви ва кенгаш ижроия аъзоси асли яҳудий Жаред Кушнер ҳам Ғазо учун ялтироқ тиклаш режасини — соҳилбўйи дам олиш масканлари ва осмонўпар биноларни ўз ичига олган лойиҳани — намойиш қилди. Фаластинни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар бу режани «империалистик» деб баҳолади.

15 феврал куни Трамп «Truth Social» тармоғида кенгашга аъзо давлатлар «Ғазоликлар учун хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш мақсадида Халқаро барқарорлаштирувчи куч ва маҳаллий полиция таркибига минглаб ходимларни ажратиш мажбуриятини олгани»-ни ёзди.

Исроилнинг Ғазо бомбардимонлари, шунингдек Ғарбий Соҳилдаги бузиш ишлари ва рейдлар оқибатида вайрон бўлган Фаластин ҳудудларини қайта тиклашнинг ўзи улкан вазифа бўлиб, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 70 миллиард доллар талаб қилади.

Бироқ кенгаш дастлаб Исроилнинг Фаластинга қарши уруши ва минтақадаги барқарорлик бўйича воситачилик қилувчи тузилма сифатида тасаввур этилган бўлса, кейинчалик унинг ваколатлари бутун дунёдаги можароларни ҳал этишга қаратилган ҳолда кенгайтирилди. Трамп ўз постида қўшимча қилди.:
«Кенгаш аввало Ғазодаги фуқаролар учун дадил бир тасаввурни тақдим этади, кейин эса Ғазодан анча кенг — БУТУН ДУНЁ ТИНЧЛИГИга олиб боради.»

Вашингтонга ким келяпти, ким эса келмаяпти?

Оқ уй «Тинчлик кенгаши»-га қўшилиш учун расман 50 та давлатни таклиф қилди. Ҳозирга қадар 35 нафар етакчи қизиқиш билдирган. 26 та мамлакат кенгашга қўшилиб, унинг таъсисчи аъзолари сифатида белгиланди. Камида 14 та давлат таклифни рад этган.

Европа

Европа Трампнинг «Тинчлик кенгаши» ва унинг кенг ваколатлари борасида бўлинган ҳолда турибди. Режага кўра, Трамп президентлик муддати тугаганидан кейин ҳам кенгашга раҳбарлик қилишда давом этади. Европа Иттифоқининг ўзи кенгашга қўшилиш нияти йўқлигини маълум қилди. Унинг раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам пайшанба кунги йиғилишга таклифни рад этди. Бунга асосий сабаб сифатида кенгаш ваколатлари борасидаги хавотирлар кўрсатиляпти.

Россия президенти Владимир Путинга кенгашдан жой таклиф қилингани ва Украинадаги уруш давом этаётгани Европа давлатлари учун ягона позицияга келишни янада қийинлаштирди. Путин ҳозирча аъзо бўлиш-бўлмаслиги юзасидан қарор қабул қилгани йўқ.

Франция, Германия, Бирлашган Қироллик ва Испания каби йирик Европа давлатлари кенгашга аъзо сифатида қўшилиш таклифини рад этди. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи пайшанба кунги йиғилишга Ўрта ер денгизи бўйича комиссари Дубравка Шуйцани кузатувчи сифатида юбормоқда. Иттифоқ вакили айтишича, ваколатлар бўйича саволлар сақланиб қолса-да, ЕИ «Ғазо бўйича тинчлик режасини амалга ошириш»-да АҚШ билан ҳамкорлик қилади.

Европа Иттифоқи тузилма сифатида қўшилмаган бўлса-да, унинг икки аъзоси — Венгрия ва Болгария — кенгашга кирди. Пайшанба кунги йиғилишда иштирок этадиган Венгрия бош вазири Виктор Орбан Трампнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.

Косово ва Албания ҳам кенгаш аъзолари сифатида қўшилиб, йиғилишда қатнашади.

Италия, Кипр, Греция ва Руминия эса «кузатувчи» мақомида вакиллар юборишини тасдиқлади. Руминия президенти, ташқи сиёсат учун ҳам масъул бўлган Никушор Дан йиғилишда шахсан иштирок этади.

Айни пайтда, дунё бўйлаб 1,4 миллиард католикка раҳбарлик қилаётган Папа Лев кенгашдан ўрин олиш таклифини рад этди ва инқирозли вазиятлар БМТ томонидан бошқарилиши лозимлигини таъкидлади.

Европа ташқи алоқалар кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури бўйича ташриф буюрувчи илмий ходими Таҳани Мустафо «Al Jazeera»-га берган интервюсида шундай деди:
«АҚШнинг Ғарбдаги иттифоқчилари «мўътадил, қоидаларга асосланган тартиб ва кўп томонлама ҳамкорликка содиқ қолишни талаб қиляпти — бу уларга маълум маънода тенг позиция беради. Глобал Жанубнинг қолган қисми эса Тинчлик кенгашига кўрсатаётган қўллаб-қувватлови ва ҳатто аъзолиги масаласида анча прагматик ёндашаётир.»


Яқин Шарқ

Яқин Шарқдаги бир қатор йирик минтақавий давлатлар Трампнинг «Тинчлик кенгаши»-га аъзо бўлиб қўшилди.

Исроилдан ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ҳам пайшанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда иштирок этади.

АҚШнинг кўп йиллик иттифоқчилари — Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш ва Баҳрайн ўтган ойдаёқ кенгашга қўшилишга рози бўлган биринчи араб давлатлари бўлди. Кейинчалик, уларга Миср ҳам қўшилди.

Минтақанинг энг йирик иқтисодиётига эга Саудия Арабистони эса Туркия, Иордания ва Қатар билан бирга иштирок этишини билдириб, бу давлатлар Фаластиннинг «халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўз тақдирини ўзи белгилаш ва давлатчиликка эга бўлиш ҳуқуқи»-ни қўллаб-қувватлашга содиқ эканини таъкидлади. Сўнгги бўлиб Қувайт ҳам қўшилди. Ушбу давлатларнинг барчаси йиғилишга ўз вакилларини юбораётир.
«Яқин Шарқдаги ҳамкорлар ўзларини прагматик тутишга ва Ғазо учун энг мақбул деб ҳисоблаган, қон тўкилишини тўхтатишга хизмат қиладиган қарорларни қабул қилишга ҳаракат қилаётганини айтмоқда. Аммо аслида бу кўпроқ АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва Трамп каби кайфияти тез ўзгараувчан беқарор сиёсатчини ранжитмаслик билан боғлиқ», — деди Мустафо «Al Jazeera»-га.
У яна шуни қўшимча қилди:
«Яқин Шарқ давлатлари, айниқса сўнгги ўн йилликларда, Фаластин манфаатларини энг фаол ҳимоя қилган томон сифатида танилмаган.»

Осиё ва Океания

Марказий Осиёдан Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари — Қосим-Жомарт Тўқаев ҳамда Шавкат Мирзиёев — «Тинчлик кенгаши» аъзолари сифатида Вашингтондаги йиғилишда иштирок этади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам кенгаш аъзолари сифатида АҚШ пойтахтига йўл олишяпти.

Жануби-Шарқий Осиёдан Индонезия президенти Прабово Субианто Вашингтонга етиб келган, Ветнам Коммунистик партияси Бош котиби То Лам ҳам кенгаш аъзолари йиғилишида қатнашади.

Жанубий Осиёдан Трампнинг «Тинчлик кенгаши»-га қўшилаётган ягона давлат — Покистон бўлиб, унинг бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирок этиш учун Вашингтонга бормоқда. Ҳиндистон эса таклифни кўриб чиқаяпти, аммо ҳозирча кенгашга қўшилмаган ва кузатувчи ҳам юбормайди.

Шу билан бирга, Янги Зеландия кенгашга қўшилиш таклифини рад этиб, бу тузилма ҳақида янада аниқлик киритилишини исташини билдирди. Австралия эса таклифни ҳали ҳам кўриб чиқиш жараёнида.


Қайси етакчилар бу масала юзасидан ўз юртида босим остида?


Вашингтонда 20 дан ортиқ етакчи жамланаётган бир пайтда, босиб олинган Фаластин ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва бошқарувга оид қарорлар айрим давлатлар ички сиёсатида ҳам акс-садо бериши мумкин. Бу айниқса Индонезия ва Покистон ҳукуматлари учун долзарб.

Дунёдаги энг катта мусулмон аҳолига эга давлат — Индонезияда мустақил Фаластин ғоясини қўллаб-қувватлаш ўнлаб йиллардан буён давом этиб келади.

Индонезия мустақиллик учун кураш олиб борган ва 1945 йилда ғалаба қозонган даврда ҳам Фаластин раҳбариятидан қўллаб-қувватлов топган. Прабово кенгашга қўшилганидан бери мамлакатда «Тинчлик кенгаши»-га муносабат иккига бўлинган, шу боис Вашингтондаги йиғилиш натижалари унинг ички сиёсий мавқеига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам мамлакат ичида босимга дуч келиши эҳтимолдан холи эмас, чунки у ерда аҳоли анъанавий равишда Фаластин ишини қўллаб-қувватлаб келади.

Манба: Al Jazeera.

Comments